Диёр Холматов: "Эрон мағлуб этилди, навбат Сурияга"

Оқил Абдубарноев
27 сен 2026, 19:55
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Диёр Холматов Сурияга қарши тайёргарлик ва ички муҳит ҳақида фикр билдирди.

– Сурияга қарши тайёргарлик қандай ўтяпти?

– Тайёргарлик жараёни жуда яхши, аъло даражада ўтмоқда. Айни пайтда Сурия терма жамоаси билан бўладиган ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Эронга қарши учрашувни ўтказиб олдик, бу ўйин жуда ёқимли кечди ва ғалаба қозондик. Энди бор эътиборимизни Сурияга қарши баҳсга қаратамиз.

– Терма жамоа ичидаги муҳит ҳақида тўхталиб ўтсангиз, ички муҳит анча ўзгарганми?

– Ички муҳит аъло даражада эканини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Жамоадаги барча аъзолар бир оиладек жипслашган, шу сабабли ҳолат жуда яхши.

– Одил Ҳамробеков билан биргаликдаги ҳаракатларингиз қандай кечмоқда?

– Одил ака билан аввалроқ "Пахтакор" жамоасида ҳам бирга тўп тепганмиз ва бир-биримизни яхши тушунамиз. Шу сабабли майдондаги ҳамкорлигимиз аъло даражада кечмоқда.

– Навбатдаги рақиб Сурия терма жамоаси эканлиги ва уларга қарши тайёргарлик кўраётганингиз ҳақида айтиб ўтдингиз. Рақиб жамоани ўрганиб чиқдингизми, уларнинг қайси чизиқлари кучли ёки заиф томонлари борлиги ҳақида гапириб берсангиз.

– Йўқ, рақиб ўйинини ҳали таҳлил қилмадик, чунки учрашувгача ҳали вақт бор. Ўйлашимча, бу жараённи эртадан бошлаймиз. Ҳозирча фақат ўзимизнинг ўйинимизни кўриб чиқиб, тактик жиҳатдан машғулотлар олиб боряпмиз.

– Мураббийлар Эрон билан ўйиндан кейин йўл қўйилган хатоларни кўрсатиб ўтишдими?

– Ҳа, албатта, камчиликларимиз кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда шу хатолар устида машғулотлар ўтказяпмиз. Навбатдаги ўйингача буларни бартараф этамиз, эртадан Сурияга қарши ўйинга тайёргарлик бошланади. Прессинг борасида гапирадиган бўлсам, ҳозирги замонавий футбол шундай ўзгарган ва прессинг уюштириш жамоа учун фойдалидир.

– Мураббий айнан прессингни қўллаш бўйича кўрсатмалар бердими?

– Ҳа, албатта. Ҳозирги машғулотларда ҳам асосан прессинг устида ишлаяпмиз. Шу сабабли бошқа тактик схемаларни ҳам ўрганиб чиқмоқдамиз.

– Эрон устидан қозонилган ғалаба прессинг ҳисобига эришилди, деб ўйлайсизми?

– Ўйлашимча, айнан шундай бўлса керак.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia