

✅ ОКМК – "Хоразм"
Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилган. ОКМК футболчисини ушлаб қолиш унинг олдинга силжишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаган ва у ўз ташаббуси билан йиқилган. VAR бу вазиятга хато аралашган.
✅❌ "Бунёдкор" – "Сурхон"
Дастлаб ёрдамчи ҳакам "Сурхон" футболчисида ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб хатога йўл қўйган бўлса-да, ВАР тўғри аралашиб, ҳакамни монитор орқали вазиятни кўриб чиқишга чақирди. Фикримизча, бу вазиятда пенальти белгиланиши ва рақибни тўп учун курашмасдан яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун қизил карточка кўрсатилиши керак эди.
P.S. ВАР орқали вазиятни кўриб чиққандан сўнг, ҳакам "Бунёдкор" ҳимоячисига қизил карточка кўрсатди, бироқ пенальти белгиламади.
✅ "Навбаҳор" – "Локомотив"
Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилган. Ҳавода бироз контакт бўлгани рост, лекин бу ҳолат "Навбаҳор" ҳужумчисининг олдинга силжишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган, шу сабабли ҳакам ва ВАР қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
✅ "Пахтакор" – "Андижон"
Бош ҳакам вазиятни тўғри баҳолади ва "Андижон" дарвозабонини яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун майдондан четлатди. Тўпга улгурмаган дарвозабон кейинги тегинишдаёқ гол уриш учун яққол имкониятга эга бўлган рақибини чалиб йиқитган эди.
✅ "Қўқон-1912" – "Динамо"
Ушбу вазиятда футболчиларнинг қўллари билан ўзаро курашганини кўряпмиз, "Динамо" ҳимоячиси томонидан яққол ушлаб қолиш ёки туртиш ҳолати кузатилмаган. Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор чиқарган.
❌ "Қўқон-1912" – "Динамо"
Бу вазиятда эса ҳакам ва ВАР қарорига қўшила олмаймиз. "Қўқон-1912" ҳимоячиси қўли билан тўп томон ҳаракат қилган ва шундан кейингина қўлини орқасига яширган. Фикримизча, бу ҳолатда интизомий чораларсиз пенальти белгиланиши тўғри қарор бўлар эди.
✅ "Сўғдиёна" – "Машъал"
Бу ерда ўйиндан ташқари ҳолат йўқ ва гол қоидаларга мувофиқ урилган, чунки "Машъал" ўйинчиси дастлаб тўғри ҳолатда жойлашган ва тўпни шеригининг ҳаракат йўналишига ўтказиб юборган эди.
✅ "Қизилқум" – "Бухоро"
ВАР тўғри аралашиб, ҳакамни вазиятни кўриб чиқишга чақирди. "Бухоро" ўйинчиси яққол қўли билан ўйнаб, рақибини гол уришнинг яққол имкониятидан маҳрум қилган. Тўп қисқа вақт ичида "Қизилқум" ҳужумчисига етиб бориши ва у дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориши мумкин эди. Бу вазиятда қизил карточка кўрсатилиши тўғри қарор ҳисобланади.
Шу тариқа, Суперлиганинг 20-тури доирасидаги ўйинларда ҳакамлар иккита қўпол хатога йўл қўйишган.



