Бузилган автобус, янги трансферлар ва Жаҳон чемпионати – Тимур Кападзе ОКМКга қарши ўйиндан сўнг нималар деди?

Оқил Абдубарноев
18 июл 2026, 01:51
"Навбаҳор" бош мураббийи Тимур Кападзе Суперлиганинг 12-тури доирасида ОКМКга қарши ўйиндан сўнг (2:3) матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин хусусида гапириб ўтсангиз.

– Биринчи навбатда, ОКМК жамоасини ғалаба билан табриклайман. Қийин учрашув бўлди. Об-ҳаво шароитини ҳисобга олганда, ўйиннинг оғир кечишини билардик. Лекин яхши тайёргарлик кўрган эдик, ўйлайманки, ғалабани қўлдан бой бердик. Умуман олганда, йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Албатта, хатолар ҳам кузатилди ва ОКМК бундан унумли фойдаланди. Аламли мағлубият бўлди, чунки, менимча, бу ўйинда камида дуранг қайд этилиши керак эди. Охирида биз ҳужумга зўр бераётган вазиятда улар гол уриб кетишди. Бу – футбол, унда шундай ҳолатлар бўлиб туради.

Умуман олганда, албатта, хафамиз, чунки майдонда футболчилар борини беришди. Лекин айрим вазиятларда яхшироқ ўйнашимиз керак эди. Мухлисларга ҳам раҳмат айтаман, иссиқ бўлишига қарамасдан келиб, бизни қўллаб-қувватлашди. Улардан узр сўраймиз. Ўйлайманки, кейинги учрашувларда ғалаба қозониб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Бунга кучимиз ва имкониятимиз етади, бунга ишонаман. Бугунги ўйинда ҳам иккала жамоа майдонда муросасиз курашди, бунга барчангиз гувоҳ бўлдингиз. Бизда ҳам, уларда ҳам имкониятлар бўлди. Афсуски, футболда шундай бўлиб туради. Биз ушбу ўйиндан тўғри хулоса чиқариб, кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

– Биринчи саволим – трансферлар орқали "Навбаҳор"га келган янги ва яхши футболчилар ҳақида фикрингиз қандай ва улардан нималарни кутяпсиз? Иккинчи саволим – Ўзбекистон миллий терма жамоаси юртимиздаги охирги машғулотини ўтказаётганда келиб, уларни кузатдингиз. Ўша пайтда Фабио Каннаваро билан ўзаро суҳбатингизда қандай фикрлар билдирилди ва терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги ҳаракатини қандай баҳолайсиз?

– Янги трансферларга тўхталадиган бўлсак, бугун улар бизга ёрдам бера олишмади, чунки бунинг айрим сабаблари бор. Насиб бўлса, кейинги учрашувлардан сафимизга қўшилишади. Абдуллаевда кичик жароҳат бор эди, ҳозир тикланяпти, ҳаммаси жойида. Жалолиддинов ҳам жамоага энди қўшилди, Кожонинг трансфер ҳужжатлари билан боғлиқ кичик масала бор. Муаммо деганда, шунчаки озгина вақт керак, эрта-индин ҳал бўлиши кутиляпти. Шунинг учун ҳеч қандай муаммо йўқ, жамоамиз яхши шаклланган.

Чемпионатда анча вақт пауза бўлди. Кўриниб турибдики, қаердадир тонус тарафдан, қаердадир ўйин амалиёти етишмаяпти. Бироқ бу муаммо эмас. Терма жамоамиз кетишидан олдин эса, йигитларга ва мураббийлар штабига омад тилаш учун уларнинг охирги машғулотига бордим. Каннаваро билан ҳам кўришиб, омад тиладим. Йигитларнинг барчасига ўзимизнинг ишончимиз ва эзгу тилакларимизни билдирдик.

– Катта паузадан кейин бугунги футболни кўрдик. Ўйин жуда ҳам ҳужумкор ва муросасиз ўтди. Хатолар сонини жуда кўп деб билдим – ҳам индивидуал, ҳам позицион хатолар. Бу нормал ҳолат деб ўйлайман. Лекин бир жиҳат бор: статистикага эътибор қаратсак, Миржалол Қосимовнинг "Навбаҳор"га қарши ўйинларидаги статистикаси жудаям ҳурматга лойиқ. Ҳаммамиз ҳурмат қиламиз, лекин ҳурмат ўз йўлига. Ўзаро учрашувларда "Навбаҳор"нинг мағлубиятга учрашида қандайдир ортиқча ҳурмат сабаб бўляптими ёки бугун шунчаки, ўзингиз айтганингиздек, ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин эди, лекин яна Миржалол Қосимов жамоаси ғалаба қозониб кетяпти.

– Албатта, Миржалол акани устоз ва ака сифатида ҳурмат қиламиз. Лекин бу – футбол, ўйлайманки, майдонда унақа нарса йўқ. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Олдинги статистика – "Олимпик" билан боғлиқ.

– "Навбаҳор" ва "Пахтакор" Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги мингинчи учрашувларини ўтказишди. Тўғри, футболда омаддан кўра меҳнат ва маҳорат юқорироқ туради, лекин бугун қандайдир омадсизлик кузатилгандай. Чунки "Пахтакор" ҳам ўз уйида дуранг ўйнади, "Навбаҳор" эса мағлубиятга учради. Қолаверса, омадсизлик деганимнинг яна бир сабаби – ўйиндан аввал жамоа автобуси бузилиб қолган экан. Булар кичик деталлар бўлса-да, шундай ҳолатларга қандай қарайсиз?

– Футболда қандайдир деталлар, албатта, руҳиятга таъсир қилади. Лекин автобус бузилиши ўйинга жуда катта таъсир қилди деб ўйламайман. Йигитлар ҳам буни тўғри қабул қилишди, бўлиб турадиган ҳолат. Тўғри, ёқимсиз вазият юзага келди, йўлда қолиб кетдик, иссиқда кутишга тўғри келди. Қандайдир таъсир этувчи жараёнлар бор. Бироқ бу – футбол. Кеча, масалан, "Нефтчи" ҳам ўз уйида ўйнагани учун "Бухоро"га қарши баҳсда ютқазаётган жойида ўйинни ўз фойдасига буриб юборди, ўзида куч топа олди. Ҳар бир жамоа курашяпти, кўриниб турибдики, осон ўйинлар йўқ. Бугунгиси аламли мағлубият бўлди, биз кўпроғига лойиқ эдик. Лекин футболда шундай вазиятлар бўлиб туради ва мен буни тўғри қабул қиламан. Мухлисларимизнинг фикрини ҳам тўғри тушунаман. Улар, мураббий сифатида, ҳаммаси жойига тушишини исташади. Биз тўғри таҳлил қилиб, хатоларимизни кўриб чиқамиз ва улар устида ишлаймиз.

– Жаҳон чемпионатида финалига Испания ва Аргентина йўл олди. Сиз испанча футболни яхши кўрасиз. "Навбаҳор"нинг иккинчи голи шу услубда урилгандек таассурот қолдирди.

– Испанияга қараб андоза олганимиз йўқ. Мундиалда айрим ўйинларни кузатяпман. Франция фаворитдек кўринганди, аммо Испания ғалаба қозониб кетди. Улар бекордан-бекор энг кам гол ўтказмаган, баланс бор. Аргентина тажриба орқали ғалаба қозонмоқда. Иккаласи ҳам ҳақли.

– Жаҳон чемпионати ҳақида саволим бор эди. Бу саволни Миржалол Қосимовга ҳам бердим. Сиз ҳам ўзбек футболи юлдузларидан бирисиз. Қолаверса, жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида ҳиссангиз бор. Ҳар бир терма жамоа иштирокидаги ўйинлари давомида VIP ложаларда ўша мамлакат футболи афсоналарини кўрдик. Сизга бу борада Ўзбекистон футбол ассоциациясидан таклиф бўлмадими? Таклиф бўлмаган тақдирда ҳам ўз ихтиёрингиз билан бориш истаги йўқмиди?

– Албатта, ҳар бир ватандош каби биз ҳам ўша ерда бўлишни хоҳлардик. Нимага энди бормаймиз? Лекин бунга имконият бўлмади. Агар вазиятга қараб, масалан, ВИП-ложада ўтирганимизда, менимча, зўр бўларди. Буни, албатта, федерация ўйлагандир, балки ўйламагандир, бунисини билмадим. Лекин вақт тиғизлиги ва иш сабаб, биз ҳам йиғинда, жамоа билан бирга эдик. Умуман олганда, алоҳида чақириқ ёки таклиф ҳам бўлмади. Шунинг учун майли, дедик ва шу ердан туриб ҳам мухлислик қилдик. Энг асосийси, ўша ерда шунча мухлисимиз бор эди, улар Ўзбекистон байроғининг майдонда акс этгани – бунинг ўзи катта бахт. Бу нарсалар бизни фахрлантирди. Албатта, ўзимиз ҳам ўша ерда бўлишимиз мумкин эди, лекин нима бўлганда ҳам, Ўзбекистон ҳар доим қалбимизда. Бундан-да яхшироқ иштирок этишимиз мумкин эди. Илк Жаҳон чемпионатида ҳаяжон роль ўйнагандир. Биз кўпроғига лойиқ эдик, чунки футболчиларнинг потенциалини яхши биламан. Энг асосийси – иштирок этдик ва тажриба орттирдик.

– "Навбаҳор" стадиони деярли тайёр ҳолатга келтирилибди. Шахсан вилоят ҳокими ҳам бориб кўздан кечирибди. "Навбаҳор" жамоаси ўз уйига қайтишни ва рақибларни ўша ерда қабул қилишни қачондан режалаштиряпти?

– Аслида бу ўйин ҳам ўз уйимизда бўлиши керак эди. Майдон тўлиқ тайёр бўлмагани учун – майдон чими янгидан қилинди – яна озгина вақт кераклигини айтиб, илтимос қилишди. Тўлиқ тайёр бўлсин деган мақсадда шу ерда ўйнайдиган бўлдик. Энди ҳозир вазиятга қараймиз, балки кейинги учрашувни ўз уйимизда ўтказармиз. Бизга ҳам у ерда ўйнаш муҳим, чунки ўз майдонимиз ва мухлисларимиз барибир биз учун қўшимча куч бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›