

– Ўйин ҳақида фикрингиз...
– Бутун жамоа мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Қийин учрашув бўлди. Биринчи навбатда, Мустақиллик байрами билан барчани муборакбод этаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Фақат ривожланайлик, фақат кучайяйлик. Бугунги чиройли ғалаба, ўйлайманки, ўйинга келган мухлисларга байрамга муносиб совға бўлди.
Ўйинга келадиган бўлсак, қийин учрашув кутаётган эдик. "Насаф" – яхши жамоа ва кетма-кет ўйинлар ҳар қандай рақиб билан қийин кечади. "Насаф" чемпионатда пастроқ ўринда юргани учун, кубок улар учун сўнгги имконият эди. Шунинг учун учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик. Вақт уларда ҳам, бизда ҳам кам бўлди. Бугунги ўйинда ҳаяжон юқори эди, чунки ҳар бир кичкина хато ҳам қимматга тушиши мумкинлигини билардик. Балки шу сабабли хатолар кўп бўлгандир. Қаердадир ўйин чиқмагандир, лекин чидадик, кутдик, ҳаракат қилдик ва худойимга шукур, охирида нуқтани қўйдик.
– "Навбаҳор" охирги ўйинларда ўзини топиб олди ва навбатдаги босқичга чиқди. Баъзи кучли жамоалар турнирни тарк этди. Кейинги босқичда қайси мураббий билан баҳслашишни хоҳлардингиз?
– Бу насиб қилган нарса. Бир нарсани олдиндан айтиш қийин. Бугунги учрашув ярим финалга тенг бўлди, чунки кубок учун курашадиган иккита кучли жамоа тўқнашди ва ўйин даражаси ҳам шунга мос бўлди. "Пахтакор" ва "Насаф"нинг бу босқичда турнирни тарк этгани балки биз учун ёқимли тарафдир, чунки кейинчалик ҳал қилувчи паллада улар иштирок этмайди. Лекин бу – кубок, ҳар бир жамоа курашади. Олдимизда қандай рақиб тушишидан қатъи назар, максимал тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Кўриб турибсизлар, осон жамоанинг ўзи йўқ. Йигитлар ҳар бир ўйинда борини бериб ҳаракат қилишяпти ва шу руҳда давом этамиз.
– Наманган вилояти ҳокими ва клуб раҳбарияти томонидан олдингизга аниқ қандай вазифа қўйилган?
– Йўқ, қатъий вазифа қўйилмаган. Бошида келиш-келмаслик борасида иккилангандим. Мухлислар ва раҳбарият билан гаплашдик. Наманганда қандай мухлислик муҳити борлигини эскидан биламиз. Биринчи навбатда, мухлисларни хурсанд қилиш учун келдим. Битта мухлисимизни бўлса ҳам хурсанд қилиш мен учун катта бахт. Раҳбарият ҳам, мен ҳам максималистмиз, ҳар бир ўйинда максимал даражада ютуқ учун курашамиз. Кубокда ҳам, чемпионатда ҳам охиригача кураш олиб борамиз.
– "Навбаҳор" жамоасида Осиё Чемпионлар лигаси ва кубокда қатнашиш имконияти бор. Келгуси йил учун ҳозирдан кўз остига олиб қўйилган профессионал ўйинчилар борми?
– Биринчи навбатда, бу йил соврин ютиш насиб қилсин. Келаси йилги Чемпионлар лигаси ҳақида гапирадиган бўлсак, мухлислар бундай ўйинларни кўришга ҳақли. Лекин биз эйфорияга берилмаслигимиз керак. Ҳозирча фақат олдимиздаги рақибни енгдик. Дастлаб жорий вазифаларимизни бажариб олишимиз лозим. Жамоани кучайтириш ҳақида, албатта, ўйланади ва мақсадли футболчилар жалб қилинади. Бироқ ҳозир бу ҳақда гапириш эрта.
– Охирги беш ўйинда рақиблар тепган 9 та аниқ зарбадан 4 таси гол билан якунланди. Рақибнинг деярли ҳар иккинчи аниқ зарбаси гол бўлаётган бундай ноодатий статистика ҳимоя чизиғи ва дарвозабон ўртасидаги коммуникацияда камчиликлар билан боғлиқ эмасми?
– Муаммолар ва камчиликлар ҳар доим учрайди. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. Ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз ва деярли гол ўтказмаяпмиз. Янги жамоа тузилганда, ўйинчилар бир-бирини тушуниши ва ишонч ҳосил қилиши учун вақт талаб этилади. Жамоанинг 90 фоизи янги футболчилардан иборат. Хатолар учраб туради. Бизнинг ишимиз шуларни таҳлил қилиб, тўғирлаш. Жамоанинг динамикаси ва бир-бирини тушуниш жиҳатини мураббий сифатида яхши шакллантиряпмиз. Захирадан майдонга тушганлар ўйинни қандай кучайтиришини ҳам таҳлил қиляпмиз. Қаршимизда қандай рақиб учрашидан қатъи назар, кучимиз етади.
– Яқинда Наманганда "Аякс" академияси очилди. Бу лойиҳадан қандай умидлар бор?
– Бу жуда ажойиб лойиҳа. Унинг Наманган вилоятида очилиши маҳаллий футбол ривожига хизмат қилади. У ерга келган мутахассислар, албатта, ўз мевасини беради. Вақт ўтиши билан бунинг ижобий таъсирини кўрамиз. Энг асосийси, академия ва майдонларнинг қурилиши – футбол инфратузилмаси учун катта замин. Ҳозирги кунда футболимиздаги камчиликлардан бири – майдонлар етишмовчилиги. Қолаверса, бу ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун ҳам жуда фойдали. Мен бу янгиликни фақат хурсандчилик билан қабул қилдим.



