

— Ўйин ҳақидаги фикрларингиз...
— Албатта, Бухорода "Бухоро"га қарши ўйнаш осон бўлмаслигини билардик. Баҳсга яхши тайёргарлик кўргандик, рақибни атрофлича ўрганиб чиқдик. Беллашув курашларга бой ўтган бўлса-да, бугун биз ҳар томонлама яхшироқ ўйин кўрсатдик ва ҳақли ғалабани қўлга киритдик, деб ўйлайман. Шу муносабат билан футболчиларимизни табриклайман, майдонда жуда фаол ҳаракат қилишди. Энди кейинги учрашувга тайёргарликни бошлаймиз.
— Бугун иккала қанот ҳимоясига ҳам аслида марказий ҳимоячи бўлган бўйдор футболчиларни туширдингиз. Бу қарор рақибнинг стандарт вазиятлардаги хавфли ўйини билан боғлиқмиди?
— Албатта, чунки баланд бўйли футболчилар керак эди. Шунга кўра, Қодирдан ташқари Дилшод ҳамда Умарни ҳам майдонга туширдик. Биламиз, "Бухоро"нинг энг кучли томонларидан бири — бу стандарт вазиятлар. Лекин ўйин шуни кўрсатдики, рақибда стандартлар жуда кам бўлди. Баҳс якунидаги вазиятларни ҳисобга олмасак, деярли тўпни жарима майдонига узата олишмади. Чунки ўйин назорати қўлимизда эди. Аслида ҳам, сиз айтганингиздек, бўйдор футболчиларни мазкур омилни инобатга олиб майдонга туширгандик.
— Жамоанинг охирги ўйинларига эътибор қаратсак: дастлаб гол уряпти-да, кейин босиб ўтмай, тезкорлик билан ўз дарвозасидан тўп олиб чиқяпти. Бу ҳолатни нима билан изоҳлайсиз?
— Бу, албатта, қайсидир маънода диққат-эътиборни йўқотиш билан боғлиқ. Тўғрисини айтсам, жуда осон гол ўтказиб юбордик. Оддий узатмадан сўнг икки марказий ҳимоячимиз хатога йўл қўйди, суғурталаш ҳам бўлмади. Пала-партишлик натижасида "Бухоро" гол уриб кетди. Лекин шунга қарамай, ўз кучимизни тўплай олдик. Чунки босим ва мухлислар омили бор эди. Тўп назоратини давом эттирдик. Иккинчи бўлимда эса ҳамма нарса ўз жойига тушди. Жамоамиз гол урган ондаёқ ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборгани ёқимсиз, албатта. Агар ўша гол бўлмаганида, рақиб очилиши ҳисобига биринчи таймнинг ўзидаёқ яна гол уришимиз мумкин эди.
— Шохруҳ Абдураҳмоновни бугун марказий ҳужумда ўйнатдингиз ва бу қарор ўзини оқлади. Ҳусайн Норчаев жароҳат олганми? Шохруҳнинг захирадан майдонга тушиши аввалдан режада бор эдими?
— Биринчидан, Ҳусайн ва Асаднинг йўқотилиши жамоамиз учун сезиларли бўлди. Таркибда бундай муаммолар ва шамоллашлар "Бухоро"да ҳам, бошқа жамоаларда ҳам учраб туради. Таркибда Кожони туширдик, у ҳам биринчи бўлимда ёмон ҳаракат қилмади, иккинчи бўлимда ҳам имконияти бўлди. Шохруҳга келсак, у аввал ҳам ҳужумчилар йўқлигида марказда ўйнаб, фойдали ҳаракат қилган. Режамизда уни тушириш бор эди ва буни амалга оширдик. Захирадан тушган футболчиларни бироз кечроқ майдонга туширганимизнинг сабаби — майдондаги ўйинчиларнинг жисмоний ҳолати ва ҳаракатлари бизни қониқтираётган эди.
— Муҳаммадали Ғиёсов ҳам учрашувдан сўнг ғалабани нишонлашда кўринди. У қачон сафга қайтади?
— Уни ҳам сабрсизлик билан кутяпмиз. Ҳозирча индивидуал тарзда тикланиш машғулотларини ўтказяпти. "Бунёдкор" билан ўйинда олган жароҳати биз учун катта йўқотиш бўлди. Ўзи асли бухоролик бўлгани учун ҳам бугунги ўйинга келди. Нафақат ўз аъзоларимизга, балки барча футболчиларга сиҳат-саломатлик тилайман, тезроқ сафга қайтишсин. Муҳаммадали кейинги баҳсда майдонга тушмаса-да, терма жамоалар ўйинлари сабабли юзага келадиган танаффусдан сўнг сафга қайтади, деб ўйлайман.



