

21-турнинг энг яхши дарвозабони — Фарҳод Раҳматов ("Қизилқум")
“Қизилқум” ортда қолган турда “Динамо” билан баҳс юритиб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, навоийликлар посбони Фарҳод Раҳматов бир қатор вазиятларда жамоаси жонига ора кириб, ҳисоб йириклашиб кетишининг олдини олди. У учрашув мобайнида нақда 9 та сэйв намойиш этди ва 2 марта ҳаводан келган тўпни муваффақиятли тарзда илиб олиб, юксак маҳоратга эга эканлигини кўрсатди. Шундай қилиб, айнан Раҳматов тур даврозабони сифатида эътироф этилди.

21-турнинг энг яхши мураббийи — Тимур Кападзе ("Навбаҳор")
“Навбаҳор” бу турда “Бухоро” майдонига сафар уюштириб, 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Наманганликлар баҳс мобайнида анча мазмунли ўйин кўрсатиб, кучли рақибларга бош оғриғи бўлаётган “Бухоро”га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Айниқса, Кападзе шогирдлари майдон маркази устидан тўлиқ назоратни қўлга киритишди. Шу тариқа, МТЖ собиқ бош мураббийи Кападзе тур мураббийи деб топилди.

21-турнинг энг яхши футболчиси — Айман Ҳуссайн ("Пахтакор")
“Пахтакор” бу турда ОКМК майдонида ишончли ғалабага эришди (3:1). Ироқлик ҳужумчи Айман Ҳуссайн баҳсда “1+1” натижани кўрсатди, яъни у ҳам “шерлар” таркибидаги дебют голини урди, ҳам голли узатмани амалга оширди. Championat.asia сайти тажрибали ҳужумчини тур футболчиси номига лойиқ кўрди.

21-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Диёр Холматов ("Навбаҳор")
Юқорида таъкидланганидек, “Навбаҳор” бу турда “Бухоро” устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди. Наманганликларнинг иккинчи голига 69-дақиқада ярим ҳимоячи Диёр Холматов муаллифлик қилди. Унинг чамаси 19 метрлардан йўллаган айланма зарбасидан сўнг тўп юқори ўнг бурчакка бориб тушди. Шу тариқа, айнан шу гол турдаги энг чиройлиси сифатида қайд этилди. Қуйида мазкур голни томоша қилишингиз мумкин.




