Тимур Кападзе: "Аламли дуранг бўлди. Биз ҳар тарафлама ғалабага ҳақли эдик"

5 сен 2026, 00:25
Суперлиганинг 20-тури доирасидаги "Навбаҳор" - "Локомотив" (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.

- Қийин ўйин бўлди, буни кутгандик. Чунки "Локомотив" - яхши жамоа. Аламли дуранг бўлди, деб ўйлайман. "Локомотив" биттагина эпизодидан фойдаланиб кетди ва шунда ҳам маҳорат эвазига. Улар бошқа имконият ҳам яратишмади. Бизда эса яхши имкониятлар бор эди, фойдалана олмадик. Ҳисоб 1:0 бўлганида ҳам, ундан олдин ҳам. Вазиятлардан фойдаланиш керак эди, барибир 1:0 - жуда қалтис ҳисоб. Футболчиларга эътирозим йўқ. Биз ҳар тарафлама ғалабага ҳақли эдик. Ўйинда кўпроқ имкониятларга эга бўлдик. Битта вазиятда эътиборни йўқотиб, гол ўтказдик. Шу сабабли аламли дуранг бўлди. Мухлисларга раҳмат айтаман.

Ойнинг энг яхши мураббийи бўлганим - жамоанинг ютуғи. Бу совринда мухлисларнинг, раҳбариятнинг, жамоанинг ҳиссаси катта. Бунга ҳаммамиз биргаликда эришдик. Барча футболчилар кўрсатмалар асосида ўйнашлари керак эди. Муҳаммадали Усмонов биринчи бўлимда яхши ўйнай олмади. Унинг ўйин услуби мос тушмади. Эпизодларга у мос тушмади. Айрим вазиятларда футболчиларимизни танимадик. Бунда чарчоқ аломатлари ҳам бор. Уч кун олдин кубокда ўйнагандик. "Локомотив" эса кучга тўлароқ эди, бу кўриниб турибди. Ўртада улар кубокда ўйнашмади ва ўйинга тайёрланиш учун етарлича вақти бор эди. Шуни ҳам тушунган ҳолда майдонга тушдик. Лекин футболчилар бугун охиригача курашишди ва фақатгина вазиятлардан фойдалана олмадик. Барчасини тахлил қилиб чиқамиз. Ўз навбатида рақиб ҳам айрим вазиятларда бизга имконият беришмади.

Бизда катта ўзгаришлар бўлмайди. Ҳозирги таркиб ва рақибнинг услубидан келиб чиқиб, нозик томонларидан ушлашга ҳаракат қиламиз. Бу қаердадир ўхшамоқда, қаердадир ўхшамаяпти. Бу ерга ҳар хил рақиб келмоқда. Улар турлича услубда ўйнашмоқда. Шу сабабли биз ҳам рақиб услубига мослашишга, ўзгаришлар қилишга мажбур бўляпмиз. Ўйин бошида Асадбек Раҳимжоновнинг сафдан чиққани ёқимсиз ҳолат бўлди. Ишлайдиган жиҳатларимиз кўп. Олдимизда вазифалар турибди. Бу учун ҳаракат қилишмиз керак.

Ҳусайннинг вазияти ўйинларда бўлиб турадиган ҳолат. У бошқасига тўпни узатиши ҳам мумкин эди. Буни биз ҳал қилиб олдик. Ҳужумчилар барибир қизғанчиқ бўлиши керак дейишади. Лекин ўша эпизодда унинг пас бергани яхшироқ эди. Балки у ўзи тепиб, ураман деб ўйлагандир. Барчаси сониялар ичида бўлади, биз учун гапириш осон. Айтяпман-ку, эпизодларда яхшироқ ўйнашимиз керак эди.

Ҳар ўйинда зарбалар бўлади. Баъзи ўйинларда рақиблар зарба беради, айримларида бермайди. Биз қанотларни ҳам ишлатамиз. Демак, рақиблар бизга имконият беришмагандир. Айрим эпизодларда охиригача кураша олмадик. Бу ўйинни олиб чиқиб кета олардик. Пешонамизда шундай дуранг бор экан, Ҳудога шукур деймиз. Ишлашда давом этамиз. Бу футбол, барчамиз буни тушуниб турибмиз. Сўнгги 2-3 ўйинда анчагина куч йўқотдик, бунда жароҳатлар ҳам бўлди. Барчасини инобатга оламиз. "Локомотив"дан камроқ дам олган бўлсак-да, улардан тетикроқ кўриндик.

Рақиблар чиройли гол уришди. Лекин бу учун олиб келиш ҳам бор. Балки ўша вазиятда биз яхшироқ ўйнашимиз керак бўлгандир. Ўша ерда Саидазамат яхшироқ ҳаракат қилиши керак эди. У оддий ҳолатда рақибга ютқазди. Рақиб биздан ўтиб кетди, бу футболда бўладиган нарса. Узоқдан тепган тўпи ҳам кириб кетиши мумкин. Кираман деган тўп кириб кетаверади. Муаммо йўқ, биз ўзимиз кўпроқ уришимиз керак эди. Ҳисоб 1:1 пайтида ҳам гол урсак бўларди. Қаердадир футболчиларга тетиклик, қаердадир хотиржамлик етишмагандир. 3 кун олдин "Насаф" билан ўйинда катта миқдорда ҳиссиётлар кетганди. Шу сабабли айрим сабаблар бор. Лекин бу ўйинда ютишимиз учун бу ўз таъсирини ўтказмаслиги керак эди.

Умар Адҳамзода ва Диёр Холматов ўтган ўйинда катта хажмдаги ишни бажарди. Уларда ҳам катта куч кетганди. Захирадан тушган футболчилар ўйинни кучайтирди. Бўш ҳудудлар кўп эди. Шу сабабли ўйин охирида Дилшод Комиловни ўйинга қўшдим. Ҳисоб 1:1, лекин ўйинни олиб чиқиб кета олишимизни ҳам ҳимояни ҳам ўйлашимиз керак эди. Ҳусайнда куч кўп эди, агарда ўзгаришларим бўлганида бошқасини туширган бўлардим, - деди Кападзе.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia