Анвар Ғофуров: "Бу ғалаба — бутун жамоамизнинг меҳнати"

Aslanov Jasurbek
20 сен 2026, 23:50
"Сурхон" ҳамда "Қўқон-1912" ўртасидаги Суперлига баҳсидан (1:0) сўнг мезбон жамоа устози Анвар Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

— Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз?
— Ассалому алайкум. Аввало, бугунги учрашув қийин кечишини билардик. Бу икки жамоа учун ҳам жуда муҳим, шартли равишда айтганда, “6 очколик ўйин” эди. Қўқон-1912 жамоасига ҳам очколар зарур эди, биз учун ҳам бу учрашувнинг аҳамияти катта эди.

Ўйиннинг ўзи ҳам ҳар икки жамоа учун қанчалик қийин бўлганини кўрсатди. Биз гол уриш ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга солдик. Худога шукур, бугун омад ҳам биз томонда бўлди ва бундан жуда хурсандман.

Бу ғалаба — бутун жамоамизнинг меҳнати. Мураббийлар штаби, футболчилар, шифокорлар, маъмурий ходимлар, ошпазимиз ва медиа ходимларининг барчасига миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, алоҳида Термиздан узоқ йўл босиб келиб, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Бу ғалабада уларнинг ҳам ҳиссаси катта.

— Дзебниаури анча вақт захирада қолиб кетди. Ҳозир эса ўйиндан-ўйинга ўзини кўрсатиб, очилиб бормоқда. Уни қандай руҳлантира олдингиз?
— Торнике — яхши ва сифатли футболчи. Албатта, ўйиндаги айрим хатоликлари сабаб биринчи даврада анча вақт захирада қолди. Аммо ҳозир у ўз устида ишлаб, ўз имкониятидан унумли фойдаланмоқда ва ўйиндан-ўйинга ўзини яхши томондан кўрсатиб боряпти.

Менимча, энг муҳими — ҳар бир футболчи майдонга тушганида ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажариши керак. У легионер бўладими ёки маҳаллий футболчи бўладими, фарқи йўқ. Ҳар бир футболчига имконият берилади, ундан фойдаланиш эса футболчининг ўз қўлида.

Фурсатдан фойдаланиб, Қўқон-1912 жамоасига келгуси учрашувларда омад тилайман.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia