

Водий дербиси ва Пойтахт дербисида мезбонлар иродали ғалабалар қайд этишди.
Шу орқали Суперлиганинг 2026 йилги мавсум чемпиони ушбу турда аниқланмайдиган бўлди. Ҳаттоки, кучли учлик сифатида ажралиб чиққан 3 жамоанинг ҳам ўрни аниқ эмас.
“Нефтчи”нинг чемпионлик учун имкониятлари жуда юқори. Аслида бу бугун ҳам ҳал бўлиши мумкин эди, “Локомотив”нинг “ёрдамидан” "фарғоналиклар фойдалана олишмади. Аммо олдиндаги икки ўйиндаги бир очко ҳам жамоани кетма-кет иккинчи чемпионлик сари етаклайди. Бу деярли ҳал бўлган масала ва бу кейинги турдаёқ ҳал бўлиши, “Нефтчи”га соврин ўз уйида топширилиши мумкин.
Суперлиганинг сўнгги 2 турида эса жиддий интрига бор: 2-ўрин масаласи.
20-турда “Пахтакор” ўзаро ўйин ҳисобига пешқадамликка ҳам чиқиб олган, “Навбаҳор” билан орадаги фарқ эса 7 очкони ташкил қиларди. Энди эса жамоа 2-ўринни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, келаси йил учун халқаро майдонлар “қулоғини ушлаб кетади”.
Водий дербисидаги “Навбаҳор”нинг ғалабаси ва Пойтахт дербисидаги “Пахтакор”нинг мағлубиятидан кейин жамоалар орасидаги фарқ 1 очкони ташкил этмоқда.
“Навбаҳор” айни дамда жуда ажойиб жисмоний ҳолатда: жамоа сўнгги 16та ўйинда мағлуб бўлмади. Олдиндаги рақиблар эса лигада “жон сақлаб қолиш учун” курашаётган “Сўғдиёна” ва “Қўқон-1912”. “Пахтакор” ҳам “Сўғдиёна” билан ўйнайди ва “Қизилқум”га қарши баҳс ҳам бор.
“Навбаҳор”нинг халқаро майдон учун бошқачароқ йўли ҳам бор: Кубок.
Ҳозирги ҳолатда Суперлигада 2-ўринни олган жамоага энг камида ОЧЛ 2 мусобақаси кафолатланади. 3-ўрин эса келгуси йилда фақатгина ички чемпионат билан кифояланиши мумкин (лекин бунинг ҳам истиснолари бор).
Агарда “Навбаҳор” ҳам 2-ўринни, ҳам Кубокни олса, “Пахтакор” 2-даражали ОЧЛда ўйнайди.
Ҳуллас, Кубокда ҳам чемпионатда ҳам интригалар етарлича. Ҳали ўтиш ўйинларида ўйнайдиган жамоалар учун ҳам анчагина меҳнат бор.
Суперлиганинг супер онлари ҳали олдинда.



