Бобур Фарҳодов: "Бугун ва ниҳоят вазиятлардан фойдаландик"

Iskandarov Abdulaziz
12 фев 2023
Туркияда йиғинни давом эттираётган "Андижон" жамоаси бугун куннинг биринчи яримида Москванинг "Велес" жамоасига қарши майдонга чиқди.

Ўйин давомида яратилган вазиятлардан фойдаланган "бургутлар" якунда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоасининг бешинчи голига муаллифлик қилган Бобур Фарҳодов учрашувдан сўнг фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Аввалги учрашувларда ҳам яхши ўйин кўрсатганимизга қарамай вазиятларни голга айлантира олмаган эдик. Биз ҳужумлар қиламиз, рақиблар қарши ҳужумда дарвозамизни ишғол қилаётганди. Бугун ва ниҳоят вазиятлардан фойдаландик",- дейди Бобур Фарҳодов. 

- "Велес"ни бир неча кун олдин "Бунёдкор" ҳам мағлубиятга учратган эди. Рақиб кучсизмиди?

- Рақиб ўша-ўша. Аввалгиларидан кучсиз эмасди. Шунчаки вазият бўлди, гол урдик. 

- Бугун гол уришни жуда истадингиз, лекин доим ҳам ўхшайвермади...

- 2-3та ўйинда гол урмаганимдан кейин бугун дарвозага йўл топаман, деб ният қилган эдим. Тўп охири дарвозага кирди. 

- Бу ғалаба "Андижон" мухлисларида ишончни уйғотдими?

- Мухлислар бизга ишонишса, қўллаб-қувватлашса Суперлигада ҳам уялтириб қўймаймиз, деб умид қиламиз. 


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: championat.asia