

Ўйиндан кейин "Пахтакор фарм" бош мураббийи Бобур Абдураҳмонов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Чиройли футбол гувоҳи бўлдик. Жамоам ўйинидан қониқдим, барибир тажриба ўз сўзини айтди.
- Ҳар иккала ўтказиб юборилган гол ҳимоячиларнинг суст ҳаракати билан боғлиқми?
- Биринчи голни стандартдан ўтказдик. Рақиб футболчиси жарима зарбасини яхши ижро этди. Иккинчи тайм бошида иккинчи голни ўтказдик. Менимча, бу вазиятда футболчиларимиз концентрацияни йўқотиб қўйди.
- 7та ўйинда 14та гол ўтказилди. Бу кўп эмасми?
- Албатта, кўп. Хатоларни камайтириш устида ишлаяпмиз. Олти нафар футболчимизни "Пахтакор" ўринбосарлар жамоасига бердик. Ҳозирча шу таркиб билан Пролигада тур ўйинларини ўтказиб турамиз. Секин-аста ёшлар тажриба тўплаб боради.
- Олти нафар футболчи кетгач, қайси чизиқларда камчиликлар кўринди?
- Камчилик демаган бўлардим, чунки ҳамма ҳаракат қиляпти, тажриба камлиги дея қолайлик. Тўп билан жарима майдончасига кириб боряпмиз, лекин якунлашда омад келмаяпти. Бугун ҳам бир нечта имкониятдан фойдалана олмадик.
- Жамоангизда ёшлар кўп. Жамоангизнинг мақсади "Пахтакор"га ўйинчи етказиб беришми ёки бошқа мақсад ҳам қўйилганми?
- Асосий мақсадимиз ёшларни тарбиялаб бериш. Олти нафар футболчини ўринбосарлар таркибига беришни яхши кўрсаткич деб ўйлайман. Бунинг учун Пролигада футболчиларни пишитиб оламиз. Шу орқали ўйинчилар тажриба тўплаб боради.
- Охирги 20 дақиқаликда жамоангизда чарчоқ кўринди. "Пахтакор фарм" 90 дақиқага ўйнашга тайёр деб ҳисоблайсизми?
- Ҳозирча йўқ. "Металлург" билан ҳам 70 дақиқа зўр ўйнаб бердик. Голларни ҳам охирида ўтказдик. Яна икки-уч турдан сўнг жисмонан тўлиқ тайёр бўламиз. Биз кучли мусобақада қатнашяпмиз, футболчиларимиз учун бу катта футбол сари илк қадам. Шунга бироз оғир бўляпти.



