

Маросимда сўзга чиққан давлат раҳбари ўз жамоасининг 6 йиллик фаолияти якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, мазкур давр мобайнида мамлакатда 1075 та йирик объект, жумладан мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва маданият муассасалари, шунингдек, 521 та завод ва саноат корхонаси барпо этилган.
Жапаров, шунингдек, стадион ўрнига завод ёки фабрика қуриш керак эди, деган фикрларга ҳам муносабат билдирди. У саноат корхоналари қурилиши давом этаётганини, “Бишкек Арена” ҳам катта иқтисодий фойда келтириш салоҳиятига эга эканини қайд этди.




Нутқдан сўнг тадбир маҳаллий ҳамда хорижий санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.



“Бишкек Арена” Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида барпо этилган бўлиб, мамлакат тарихидаги энг йирик ва замонавий кўп тармоқли спорт мажмуаси ҳисобланади.
Тахминан 45 000 – 50 000 томошабинга мўлжалланган бўлиб, концерт ва йирик жамоат тадбирларида (майдон қисмини қўшганда) 60 000 дан ортиқ томошабинни қабул қила олади.
ФИФА ва ОФКнинг энг юқори 4-тоифали (Category 4) талабларига тўлиқ жавоб беради. Бу эса стадионга Жаҳон чемпионати саралашлари, Осиё Кубоги ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларни қабул қилиш имконини беради.



Фақат футбол эмас, балки кўп функцияли арена сифатида лойиҳаланган. Унда спорт мусобақалари, халқаро форумлар, фестиваллар ҳамда маҳаллий ва жаҳон юлдузларининг концерт дастурларини ўтказиш кўзда тутилган.
Арена ёпиқ томи, ультразамонавий ёритиш ва товуш тизимлари, VIP/VVIP ложалар, матбуот маркази, ер ости ва очиқ автотураргоҳлар ҳамда катта тижорат ҳудудларини ўз ичига олади.
Жаҳонгир Файзуллаев
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “OfoTour”



