

Мураббий ёрдамчиси Аарон Данкснинг сўзларига кўра, "Бавария" раҳбарияти яқинда шифохонага ётқизилган Компанига соғайиб кетгунига қадар футбол ҳақида гаплашишни қатъиян тақиқлаган.
Спорт директори Кристоф Фройнд ва бошқарув аъзоси Макс Эберль мураббийлар штабига бельгиялик мутахассисни тактик муҳокамалар, ўйинларга тайёргарлик ёки бошқа жамоавий ишларга жалб этмаслик бўйича кўрсатма берди.
Данкс клуб Компанининг бор эътиборини фақат соғлиғини тиклашга қаратишини ва оиласи билан вақт ўтказишини исташини таъкидлади. Бельгиялик мураббий камида 9 ноябрдан 17 ноябргача давом этадиган халқаро танаффус якунигача мураббийлик ўриндиғидан ташқарида қолиши кутилмоқда. Бироқ "Бавария" унинг қайтиш санасини расман тасдиқлагани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 40 ёшли мураббий 23 октябрь куни "Бавария"нинг ўринбосарлар жамоаси машғулоти пайтида ҳушини йўқотган ва зудлик билан касалхонага ётқизилган эди. Кейинги тиббий кўрик унинг мия пардаси яллиғланганини аниқлади. Компани 28 октябрь куни шифохонадан чиқарилди ва ҳозирда уйида даволанмоқда — унга дори-дармонлар ва тўлиқ хотиржамлик белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, Данкс Германия Кубоги доирасида "Магдебург" устидан қозонилган 6:1 ҳисобидаги ғалабада ҳамда Бундеслигада Дортмунднинг "Боруссия"сига қарши кечган 2:2 ҳисобидаги дурангда "Бавария"ни майдон четида бошқариб улгурди. Мюнхен клуби учун навбатдаги жиддий синов 3 ноябрь куни бўлиб ўтади — улар Чемпионлар лигасида "Атлетико Мадрид" билан тўқнаш келади.


