"Бавария" бир неча ҳафтага бош мураббийсиз қолди: Компанининг тикланиш муддати маълум қилинди

Sherzod Nurmatov
26 окт 2026, 12:15
Мюнхеннинг "Бавария" жамоаси бош мураббийи Венсан Компани соғлиғидаги муаммолар туфайли бир неча ҳафтани ўтказиб юборади.

Германия клуби спорт директори Макс Эберль 40 ёшли мутахассиснинг соғайиши учун узоқ вақт талаб этилишини маълум қилди. Шу билан бирга, "Бавария" раҳбарияти мураббийнинг ишга қайтишини шоширмоқчи эмас.

"Биз кунлар эмас, ҳафталар ҳақида гаплашамиз. Бу барчамизга аён", – деди Эберль.

Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни Компани жамоа машғулоти пайтида ҳушидан кетган ва шундан сўнг зудлик билан касалхонага ётқизилганди. Кейинроқ клуб вакиллари бельгиялик мураббийнинг аҳволи барқарорлашгани, аммо у қўшимча тиббий кўриклардан ўтиши зарурлигини билдиришди.

Эберль клуб раҳбарияти амалдаги мураббийлар штабига тўлиқ ишониши ва бош мураббий йўқлигида мураббийлар таркибида ўзгаришлар қилишни режалаштирмаётганини таъкидлади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: BBC