Азизбек Ҳайдаров: "Каннаварони таклиф қилиб, шунча пул тўлашдан нима наф эди? Ўзимизнинг мураббийлар ҳам бундан ёмон уддалашмасди"

Iskandarov Abdulaziz
24 июн 2026, 09:46
Ўзбекистон терма жамоасининг Португалиядан учралган мағлубияти мутахассислар томонидан турлича қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) миллий терма жамоалар бўлими собиқ директори Азизбек Ҳайдаров ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган, Ўзбекистон терма жамоасининг Португалияга йирик (0:5) ҳисобда имкониятни бой берган ўйини ҳақида кескин фикр билдирди.

Мундиал стартидаги кетма-кет иккита мағлубиятдан сўнг, италиялик мутахассис Фабио Каннаваро шогирдлари "К" квартети турнир жадвалида сўнгги ўринни эгаллаб туришибди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Осиё вакиллари ДР Конго терма жамоасига қарши ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушадилар.

— Биз бу ўйинни бой бердик, — деди Ҳайдаров қатъий оҳангда. — Тўғрисини айтсам, Фабио Каннаваро нимага эришмоқчи бўлганини умуман тушунмадим. Биринчи гол ўтказиб юборилган вазиятда ҳимоячиларимиз ҳимояланиш ва тўпни олиб қўйиш билан эмас, балки суратга тушиш ёки бошқа хоҳлаган иш билан банд бўлишди. Жаҳон чемпионатида бундай голларни ўтказиб юбориш мутлақо мумкин эмас. Иккинчи вазиятда эса Аббосбек Файзуллаев тўпдан қочди. Унинг нима учун бундай қилганини умуман тушунмадим. Менинг билишимча, шу пайтгача футбол тўпи теккани учун ҳеч ким ўлиб қолмаган. Бундай даражадаги мусобақада ҳар бир вазиятда охиригача курашиш керак.

ЎФА терма жамоалар бўлими собиқ раҳбарининг фикрича, айнан учрашув бошидаги индивидуал хатолар таблодаги йирик мағлубиятни олдиндан белгилаб берган.

— Энг асосийси — агар Португалиядек жамоага қарши ўйинда шундай голлар ўтказиб юборсангиз, кейин ўйинга қайтишнинг деярли иложи бўлмайди, — дея сўзида давом этди эксперт. — Биринчи голдан кейин ишончни йўқотдик, иккинчисидан сўнг эса янада қийинлашди. Жаҳон чемпионатида бундай даражадаги рақиблар хатоларни кечирмайди. Ўйинни ўнглай олмадик, яна учта гол ўтказиб юбордик ва шу сабабли баҳс йирик мағлубият билан якунланди. Бундай жамоаларга қарши биринчи дақиқадан то сўнгги сониягача максимал даражада диққатли бўлиш лозим. Тўғрисини айтсам, Фабио Каннаварони Ўзбекистон терма жамоасига нима учун таклиф қилишганини умуман тушунмаяпман. Унга шунча пул тўлашдан не наф? Бу маблағ эвазига жамоани футболимизни, футболчиларимизни ва менталитетимизни яхши биладиган ўзимизнинг мутахассисларга топширса бўларди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Sport24