Айбек Нурбаев: "Бундай ўйинларни кучли характер билан ютиш мумкин"

Aslanov Jasurbek
5 май 2026, 21:17
Пролига 7-турдан ўрин олган "Жайхун" – "Металлург" учрашуви 2:0 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Жайхун" бош мураббийи Айбек Нурбаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Учрашув оғир кечишини билардик. "Металлург"ни яхши биламиз, доим Суперлигада ўйнаган. Кейин бир-икки йилча пауза қилиб яна футболга қайтди ва ҳозир Пролигада иштирок этяпти. Клуб олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Жамоа сафида тажрибали фтуболчилар бор.

1 май куни "Пахтакор фарм" билан Тошкентда ўйнаб, 3 май куни Нукусга етиб келдик. Бу ўйинга тайёргарлик жуда қисқа давом этди. Ўйиндан олдин футболчиларга кучли хоҳиш ва характер туфайли ўз мақсадимизга эриша оламиз деб айтгандим. Бундай ўйинларни кучли характер билан ютиш мумкин.

Бугун уйда тўртинчи учрашувни ўтказдик. Шогирдларимга катта раҳмат, берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Мухлисларимиз қаршисида ютмасак бўлмасди. Футболчиларимиз вақти келиб Суперлигада ўйнаса бундан биз ҳам хурсанд бўламиз. Бизни охиригача қўллаб турган мухлисларга катта раҳмат. Ўйин жуда шиддатли кечди, дарвозамиз томон қўйилган пенальти йўқ эди деб ўйлайман. Баҳсни тўлиқ назорат қилишга ҳаракат қилдик. Футболчиларимиз ҳали ёш ва тажрибаси камроқ. Ўтган йилга нисбатан жамоани яна янгиладик.

- Кейинги ўйинларда қайси жиҳатларни кучайтирасиз?

- Жисмоний томондан ёмон эмасмиз. Ўзингиз кўряпсиз, охиригача ўйнаяпмиз, ҳеч бир футболчимиз майдонда ётиб олгани йўқ. Мен ҳеч қачон ўйинчиларга майдонда ётинглар, вақтни чўзинглар демайман. Тажрибани секин-аста ошириб борамиз. Ҳар ўйиндан кейин футболчилар билан гаплашяпмиз. Ўйинларни таҳлил қиламиз, хатоларни футболчиларга кўрсатиб берамиз. Аввалги уйдаги баҳсда ҳам яхши ўйнагандик, бугун ҳам чиройли ўйин намойиш этиб бердик.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia