Антонио Конте: "Мураббий марказий фигура бўлиши керак"

Aslanov Jasurbek
7 окт 2026, 15:32
Антонио Конте мураббийнинг клубда муҳим ўрин тутиши лозимлиги, унинг фалсафаси, ваколатлари ва мақоми ҳақида мулоҳаза юритди.

Италиялик мутахассис Микель Артета ва Луис Энрикеда шунчаки ижрочиларни эмас, балки ўзларининг "Арсенал" ва ПСЖ клублари манфаатларига содиқ, шу билан бирга ўз қарашларига содиқ қолган инсонларни кўраётганини таъкидлади.

— Ривожланишнинг муайян вектори бор, қарашлар бор. Артета йўналишни белгилаб бермоқда — худди Клопп ва Гвардиола қилганидек. Менинг назаримда, мураббий марказий фигура бўлиши, асосий ролни ўйнаши керак. Агар натижа қониқарли бўлмаса — уни бўшатишади. Аммо айнан мураббий йўналишни белгилайди ва ўйинга бўлган қарашни шакллантиради. Унинг ўз футбол фалсафаси бўлади. Икки хил қараш мавжуд бўлишига йўл қўйиб бўлмайди: бири — клубда, бошқаси — мураббийда. Агар бу қарашлар бир-бирига мос келса ва тўғри баланс топилса, жамоа ўсишга эришади.

"Комо"га қаранг: Сеск [Фабрегас] у ерда қарор қабул қилишда муҳим роль ўйнайди. "ПСЖ"да таркибда Мбаппе, Месси ва Неймар бўлганда ҳам Чемпионлар лигасини юта олишмаганди. Ваҳоланки, гап дунёнинг энг яхши футболчилари ҳақида бормоқда. Аммо тушунасизми, баланс ва "кимё" зарур. Шунчаки жамоага юлдузларни йиғиб, ғалаба кутиш мумкин эмас. Бу тизим бундай ишламайди.

Луис Энрике ажойиб натижаларга эришди, аммо бунда клубнинг ҳаракатлари ҳам катта роль ўйнади: улар мураббийни аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ тўлиқ қўллаб-қувватлашди. Нассер Аль-Хелайфи ҳамиша ўша ерда эди, Луиш Кампуш ҳам илгари ўша ерда ишлаган. Луис Энрике келди ва: "Мен шундай қилмоқчиман", деди, клуб эса бу қарашни қабул қилди. Эҳтимол, бу қараш уларда аввал ҳам бўлгандир, лекин уни ҳаётга татбиқ этиш учун қатьият етмаган. Менинг фикримча, Луис Энрике фавқулодда ишни амалга оширди. У "ПСЖ"ни ўз йўлидан боришга мажбур қила олди — ваҳоланки, клуб илгари ҳеч қачон бундай қилмаган эди, — деди "Ювентус", "Челси", "Интер", "Тоттенхэм" ва бошқа клубларнинг собиқ мураббийи.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: The Athletic