

Андрей Шипилов: “Баҳсни жуда яхши бошладик. 23-дақиқагача 3 та 100% лик имкониятга эга бўлдик. ОКМК уйғонмаганди, вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Кеча йигитларга бизда 2-3 та вазият бўлиши ва ундан фойдаланиб қолиш кераклиги ҳақида айтгандим. Ура олмадик. Кичкина Қосимов ҳисобни очди. 42-дақиқада бир киши кам бўлиб қолдик. Иккинчи бўлимда ОКМК бир киши кўп бўлиб ўйнади. Имкони борича тартибли ҳимояланиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга уриндик. Жамоа иккинчи бўлимдаги ўйини орқали гол ура олди, аммо ўтказиб юборган голимиз… Мантиқ топа олмаяпман. Инсон фактори бор бўлса керак. Бошқа ҳеч нарса дея олмайман, аммо бугун мағлубиятга муносиб эмас эдик. Футбол хатолардан иборат, ким камроқ хато қилса, ғалаба қозонади.
- Ўйинда иккита муҳим вазият содир бўлди. Биринчиси жамоангизнинг қизил карточкаси, иккинчиси эса охирги дақиқаларда “Қўқон-1912” урган гол. Ўша пайтда ҳаёлингиздан нималар ўтди?
- Оддий одамники каби реакция бўлди. Бундай позицияда ўйнайдиган футболчи масъулиятли ва эҳтиёткор бўлиши лозим. У жамоани оғир аҳволга солиб қўйди. Кейин 45 дақиқа ўйнаб, гол уришга муваффақ бўлдик. Ҳеч бўлмаса 1 очко олиб кетиш учун умид пайдо бўлди. Баҳс тугашига 4 дақиқа қолди. Аҳмоқгарчилик, шунчаки аҳмоқгарчилик…
Бу ўйинга 7 кун тайёрланасиз ва… Ўз ишига бундай муносабатда бўлиш керак эмас. Уйга қайтиб, суҳбатлашамиз. Голни кўрдим, ғайриоддий зарба эмас, қайтарса бўларди.
- Суперлигада муҳим паллада жамоаси жонига оро кирадиган дарвозабонлар бор. Масалан “Сурхон”да Мерганов, “Хоразм”да Эргашев… Аввал “Қўқон-1912” ҳам шундай жамоа эди. Азиз Исаков кетганидан сўнг дарвоза чизиғида муаммолар бошланди.
- Дарвозабонимиз бизга кўп ёрдам берган. Гол ўтказсак дарвозабонни айблашади. Тўғри, яхши посбон 95% муваффақият дегани. Бироқ футболчилар ҳам дарвозабонга ёрдам бериши керак. 1:0 пайтида ҳам у бизни қутқарди. Ҳа, қўпол хато бўлди, аммо сиз санаб ўтган жамоалар ҳам кучли бешликда эмас. Улар ҳам хато қилади. Чемпионатимизда “девор” дарвозабонлар бор дея олмайман. Терма жамоа, Чемпионлар лигаси ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Бу мавзуда ортиқча гапириш ниятим йўқ. Дарвозабон қутқариши ҳақидаги гапингизга қўшиламан.
- “Қўқон-1912” рақибга Xg бўйича имкон беришда 3-ўринда. Дарвозабон… у ҳам ёмон натижаларга эга. Жамоангиз иккинчи бўлимда яхши ўйнади, ҳисобни тенглаштирди ва баҳс охирида статистикаларни “оқлаб”, гол ўтказиб юборди.
- Бу биринчи ўйин эмас. Кўп ўйинларда очко йўқотдик. Адашмасам 12-14 очко “совға” қилганмиз. Хатоларимиз бўлмаганида жадвалда юқорироқ турган бўлардик. Самарқандда яхши натижага эришишимиз мумкин эдик, уйда ҳам “Динамо” билан шундай бўлди.
- Компьютер ҳисоб-китобига кўра 8 очкони қўладан чиқаргансиз.
- Компьютер ҳам адашади, унга вирус тушиши мумкин. Энг яхши услуб бу қоғоз ва қалам.



