Вадим Абрамов: "Очиғини айтганда, жуда ёмон ўйнадик"

Aslanov Jasurbek
25 окт 2026, 21:30
Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган "Динамо" – "Андижон" (1:1) ўйинидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Нима ҳам дейиш мумкин, очиғини айтганда, жуда ёмон ўйнадик. Шундай ўйин кўрсатиб ҳам гол урдик... Баъзида ўйин қовушмайди, қийин бўлади, лекин ғалаба қозониш мумкиндек туюлади. Бироқ рақиб ҳеч қандай мураккаб вазият яратмаган бир пайтда, сўнгги дақиқада яна гол ўтказиб юбордик. Шунчаки олдинга тўп узатилмоқда ва уларнинг футболчиси бирга-бир вазиятга чиқиб бормоқда. Ҳайратланарли, шундай эмасми? Бир хил хатолар такрорланмоқда. Хуллас, гапиришга сўз йўқ.

– Сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб юборишингиз биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бу энди кулгили эмас. Омадсизликдан ташқари бунинг бирор сабаби борми, буни ўзингиз учун қандайдир изоҳлай оласизми?
– Ҳа, албатта изоҳлайман, мен ахир айтяпман-ку. Агар дарвозабон бундай вазиятда дарвоза майдончасига шунчалик ёпишиб олар экан, лоақал бир марта чиқиб, шу вазиятни бартараф этиши мумкин эди. Тўғри, биз ҳимояланяпмиз, битта гол устунлигини сақлаб қолиш керак. Аммо дарвозабон фаолроқ иштирок этиши лозим, тўп унга келиб тушишини кутиб, шунчаки дарвозада турмаслиги керак. Олдинга чиқиб, хотиржам ўйнаши лозим. Ҳимоячи ўзига ишонмагани сабабли дарвозабонга яқинлашмоқда. Шундай бўлиши аниқ эди... Тўп шунча вақт ҳавода учди, чиқиб ушлаб ол. Шундай бўй-баст билан олдинга чиқиб, тўпни ушлаб олиш мумкин-ку. Яъни индивидуал хатоларми? Албатта, бу шунчаки психология, одамлар... яримҳимоячилар шунчаки футбол ўйнаш ўрнига ҳимоячиларга яқинлашишни бошлайдилар. Бизда яримҳимоячилар билан муаммо бор ва барча муаммолар шундан келиб чиқмоқда.

– Бугун фақат Стефан ўз позициясида ўйнади...
– Ҳа, афсуски, бизда айримлар дисквалификация қилинган, бошқалари эса бетоб. Шунинг учун биз мажбур бўлдик... Умуман олганда, фақат икки киши ўз позициясида ҳаракат қилди, қолганлар эса... Ўринбосарлар таркибидан бир йигит биринчи марта майдонга тушди. Чап қанотга Думбияни қўйишга мажбур бўлдик. Афсуски, айни пайтда мана шу ўйинга футболчиларимиз етишмади. Шу сабабли ўйин ҳам шундай тушунарсиз бўлиб чиқди.

– Ёш футболчи Эдем Сейтвелиевнинг дебюти ҳақида...
– Эдем биринчи марта майдонга тушмоқда, қолаверса, ўз майдонимизда ўйнаш ҳар доим қийин. Умуман олганда, у яхши ўйнади. У қадар катта хатоларга йўл қўйгани йўқ. Бошқа масала шундаки, биз ҳужумда яратувчанликни йўқотмоқдамиз. Лекин қолган вазиятларда у бор кучи билан ҳаракат қилди. Биринчи марта ўйнаётганини ҳисобга олсак, фидокорилиги учун унга раҳмат айтиш керак.

– "Андижон" бироз ҳимоядан ўйнагандек туюлдими ёки жамоалар майдон марказида кўп вақт ўтказгандек бўлдими? Тарози палласидек ўзгарувчан вазиятларга қарамай. Тўп назорати бўйича статистика ҳам шуни кўрсатмоқда. Ўзингиз учун қандай хулоса қилдингиз, яъни умуман "Андижон" ҳимоясини қандай ёриб ўтиш режалаштирилган эди?
– Йўқ, биринчи бўлимда биз аксинча... Тўп майдон марказида ушланмади, биз шошилиб, бирга-бир вазиятга чиқаришга ҳаракат қилдик, ҳужумга ўзини оқламаган ҳолда югурдик ва тўпларни йўқотдик. Тўпни сақлаб қолиш керак бўлган вазиятларда, шунчаки тайёргарликсиз зарба бердик. Зарба бериш керак бўлган вазиятларда эса, аксинча, нотўғри қарорлар қабул қилдик. Айтиб ўтганимдек, умуман олганда, бугунги ўйин менга ёқмади. Албатта, аввалги ўйинларимизга қараганда жуда ёмон кўриндик. Бу энг яхши ўйинимиз эмас эди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›