"Андижон" ҳимоячиси билан суҳбат: "Эркин фикрлаш ўйин ва натижамиз ўзгаришига сабаб бўлди"

Aslanov Jasurbek
6 май 2026, 13:06
"Андижон" жамоаси учун охирги 4 та ўйин омадли келди деб айтиш мумкин.

Хоразмда қўлга киритилган ғалабадан сўнг жамоа танаффусга кўтаринки кайфиятда йўл олди. Биз бу борада "Андижон" ҳимоячиси Одил Абдумажидовнинг фикрлари билан қизиқдик.

​"Андижон" футболчиси билан эксклюзив суҳбат: "Эркин фикрлаш ўйинимиз ўзгаришига сабаб бўлди"

​— "Хоразм" жамоаси билан бўлиб ўтган ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?

​— Ўйин анча мазмунли ўтди. Ҳар бир баҳс каби бу учрашувнинг ҳам ўз қийинчиликлари бўлди, аммо олдимизга қўйилган вазифани бажариш учун бор кучимизни ишга солдик. Олдин сунъий майдонда ўйнамаган эдик, бу қийинчилик туғдиргани рост.

​— "Андижон"да натижалар ижобий томонга ўзгарганини кўряпмиз. Бу муваффақиятлар ниманинг ҳисобига қўлга киритилмоқда?

​— Авваламбор, жамоамизнинг собиқ устози Самвел Бабаянга ўз миннатдорчилигимни билдираман. У киши қўлдан келганча ҳаракат қилди, бироқ футболда ҳамма вақт ҳам режалар амалга ошавермас экан. Ислом ака жамоа бошқарувига келгач, футболчиларга кўпроқ эркинлик берди. Майдонда ва машғулотларда эркинроқ фикрлашимиз учун имконият яратилди. Назаримда, ўйинимиздаги ижобий ўзгаришларнинг асосий сабаби мана шунда. Чунки таркибимизда юқори савияли, маҳоратли ижрочилар жуда кўп.

​— Мавсум бошига қараганда жамоа анча ишончли ҳаракат қилмоқда. Буни мураббийлар штабининг фактори деб ҳисоблаш мумкинми?

​— Албатта. Мураббийлар томонидан берилган руҳий ва тактик эркинлик футболчиларнинг ўз имкониятларини тўлақонли намойиш этишига замин яратди. Юқорида таъкидлаганимдек, фикрлаш эркинлиги ва ўйинга бўлган ёндашувнинг ўзгаргани натижаларда ўз аксини топмоқда.

​— Ҳозирда жамоада ички муҳит қандай?

​— Жамоадаги муҳит аъло даражада. Футболчилар ўртасидаги ўзаро тушуниш, аҳиллик ва ғалабага бўлган иштиёқ жуда юқори. Бу эса майдондаги натижаларимизга ҳам бевосита таъсир қиляпти.

​— Сиз "Андижон" таркибидаги охирги 4 та ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилдингиз ва бу учрашувларда жамоа мағлубиятга учрамади. Шахсан сизда мотивация ва ўз кучингизга бўлган ишонч қай даражада?

​— Шубҳасиз, ишончим янада ортди. Ҳар қандай футболчи агар 2-3 та ўйинни захира ўриндиғида ўтказиб юборса, унда руҳий пасайиш ва ишонч йўқолиши кузатилади. Захирадан ўйинни кузатиш билан майдонда ҳаракат қилишнинг фарқи катта. Аллоҳга шукур, менга имконият берилди. Ҳозирда бор эътиборим жамоага максимал даражада фойда келтириш ва мухлисларимизни ғалабалар билан хушнуд этишга қаратилган.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia