Александр Хомяков: "Одамлар робот эмас-ку..."

Aslanov Jasurbek
17 окт 2026, 22:59
Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган "Динамо" – "Бухоро" (1:2) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин бўйича фикрларингиз қандай?
– Ўйин осон кечмаслигини ва мезбонлар илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олишга уриниб, агрессив ҳаракат қилишларини тахмин қилган эдик. Умуман олганда, улар буни уддалашди ва биз яна дастлабки 10 дақиқаликдаёқ гол ўтказиб юбордик. Яхшиямки, рақибнинг майдонда ўн киши бўлиб қолгани бизга бироз омад келтирди, десак ҳам бўлади. Бу устунликдан дарҳол ва тўлиқ фойдаланиб кетдик, дея олмайман, лекин рақиб камчиликда ўйнагани эвазига ўйин охирига бориб уларни таслим этишга эришдик. Шу сабабли бу ғалаба — оғир ва машаққатли ғалабадир. Йигитлар борини бериб ҳаракат қилишди, уларга миннатдорчилик билдираман. Ўзимни ва барча мухлисларимизни ушбу ғалаба билан табриклайман.

– Биринчи саволим. Пенальти белгиланганига муносабатингизни сўраб ўтирмайман, лекин аниқроқ тушунмоқчи эдим: танаффусда қандай кўрсатма берилди ва ўзингиз айтганингиздек, нега рақиб камчиликда қолганидан кейинги устунликдан дарҳол фойдаланиб, ўйинни ўзгартириб юборишнинг имкони бўлмади? Иккинчидан, футболчиларга қандай вазифа юклатилган эдики, якунда барибир ўйинда бурилиш ясашга муваффақ бўлдингиз?
– Ўзингиз кўрдингиз, гарчи тўп назорати бизда бўлса-да, айнан ҳужумнинг якуний қисмида бизга кескинлик етишмади, кўп ҳам хавфли вазиятлар ярата олмадик. Тўпни жуда секин ҳаракатлантирдик, майдоннинг у қисмида ўзимизга ишончсиз ўйнадик, алдамчи ҳаракатларга қўл урмадик, тажовузкор ўйнамасдан, шунчаки тўпни ошириб юрдик. Биринчидан, бунинг сабаби — рақиб ҳимояда олти киши бўлиб ўйнаганидадир. Улар бир чизиқда олти киши бўлиб туришди. Бизнинг вазифамиз уларни шу ҳимоя чизиғидан чиқиб кетишга мажбур қилиш эди, бироқ бу доим ҳам ўхшамади, баъзида шошқалоқлик қилдик. Аммо рақибнинг олтилик ҳимоясидан бир ўйинчини чиқариб олишга эришган ягона вазиятимизда очиқ бўшлиқ юзага келди ва биз ўша ерга тўпни йўналтириб, гол урдик. Иккинчидан, ҳужумда барибир креативлик етишмади. Ихтиёримизда бўлган ўйинчилар бизга буни бера олишмади. Шу сабабли Качарава ва Қаюмовнинг майдонга тушиши эвазига ўйинни бироз ранг-баранглаштиришга эришдик. Качараванинг бўйдорлиги асқотди, қанотлардан узатмалар борди ва биз майдоннинг сўнгги қисмида – ҳужумни якунлаш фазасида анча ишончли ҳаракат қила бошладик. Бундан ташқари, рақиб бўш ҳудудларда яхши ўйнайди, ҳаммамиз биламизки, "Динамо" қарши ҳужумда хавфли жамоа. Шунинг учун уларнинг узун узатмаларидан чўчидик ва ҳужумчилари бўш ҳудудларга қочиб кетганда, ҳимояда бироз ишончсиз ҳаракат қилдик. Тўпни йўқотганда ҳам доим прессингга киришмадик. Умуман олганда, яна бир бор таъкидлайман, асабий ўйин бўлди ва барчамизни ғалаба билан табриклайман.

– Лекин ҳисоб тенглашганидан кейин ҳам "Динамо"да сўнгги 15 дақиқаликда ўйин борасида устунлик кузатилди, чунки улар олдинга ёриб киришга эришди, ўйин охирида эса умуман катта босим уюштиришди. Нима содир бўлди?
– Одатдагидек, гол урилгандан сўнг жамоа ҳисобни ушлаб қолишга уринади, фақат биз эмас, балки ҳамма шундай қилса керак. Шунинг учун бироз орқага чекиндик. Узун узатмалар орқали бизга катта хавф туғдиришди, дея олмайман, чунки, яхшиямки, қайтган тўпларни асосан биз ютиб олаётгандик, бироқ бурчак зарбалари ҳақиқатан ҳам хавфли кўриниш олди. Умуман олганда, футболда бу қонуният: бир жамоа ҳисобни сақлаб қолишга уринади, бошқаси эса ҳисобни тенглаштиришга интилади, сўнгги дақиқаларда бундай ҳолатлардан қочиб қутула олмайсиз. Кўп нарса ўхшамади, бир нечта ўйинчиларимиз ўйиндан тушиб қолишди, балки уларга жисмоний тетиклик етишмагандир. Шунақаси ҳам бўлиб туради, одамлар робот эмас-ку, ҳар доим ҳам ғалаба қозонишга имкон берадиган даражада барқарор ўйнай олишмайди. Яхшиямки, якунда ҳаммаси ижобий ҳал бўлди.

– Рақиб ҳисобланмиш "Динамо" жамоасининг жисмоний ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Ёмон эмас, кўп югурадиган, яхши ва мазмунли ўйнайдиган ва олдинги чизиқда агрессив ҳаракат қиладиган жамоа. Тўғри, уларда ҳам маълум муаммолар бор, бу барча жамоаларда, жумладан, бизда ҳам кузатилади. Жамоа барибир юқорига кўтарилмоқда ва биз айнан шу четлатиш ҳолатидан фойдаланишга уриндик... Четлатиш ҳам айнан бизнинг режамиз туфайли содир бўлди: асосий эътиборимиз ўз майдонимизда рақиб ҳужумини барбод қилгач, дарҳол ҳимоячилар ортига тўп узатишга қаратилган эди. Умуман олганда, шундай бўлди ҳам, ҳимоячилар ортига узатма ўтди, ҳужумчимиз курашди ва унга нисбатан қоида бузилди, натижада майдондан четлатиш юз берди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia