Александр Хомяков: "Мақсадимиз дастлабки 15 дақиқада гол ўтказмаслик эди"

Aslanov Jasurbek
27 апр 2026, 23:43
Суперлига 10-туридан ўрин олган "Машъал" - "Бухоро" (0:1) учрашувидан сўнг бухороликлар устози Александр Хомяков ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ўйин қийин кечишини билгандик. "Машъал" илк очколарни қўлга киритишга интилмоқда. Асабий ўйин бўлади деб тахмин қилгандим, шундай ҳам бўлди. Икки жамоада ҳам вазиятлар бўлди. Биринчи бўлимда айниқса бизда. Қизиқарли баҳс гувоҳига айландик. Йигитларни мақтайман. Биринчи бўлимда вазиятларимизни кўкка совурдик. Мухлисларни ғалаба билан қутлайман. Олдинда яна бир тур қолди ва кейин танаффус бўлади", - дея гап бошлади Александр Хомяков.

- "Машъал" ўнта ўйиндан бери ютқазмоқда. "Бухоро" бугун бундай жамоани осонликча мағлуб этиши керак эмасмиди?

- Ҳар бир ўйин ўзига яраша қийин. Бироз бошқачароқ ўйин намойиш этишимизни истардим, аммо бугунги ўйин ўтиб бўлди. Йигитлар футболга тўйиб қолгандек. Ўйинлар сони кўпайиб кетди. Мени хавотирга солаётган айрим жиҳатлар бор. Муҳими, уч очко қўлга киритилди.

- "Бухоро" 13та гол уриб, 10та тўп ўтказиб юборди. Ҳимоя чизиғининг бундай кўрсаткичлари сизни хавотирга солмаяптими?

- Албатта ўйлантиряпти. Кетма-кет уч ўйиндан бери биринчи бўлиб гол ўтказиб юборяпмиз. Бугунги мақсадимиз дастлабки 15 дақиқада гол ўтказиб юбормаслик эди. Тўплар нисбатига эътибор беряпмиз. Гол ўтказмасликни истаймиз, аммо бу футбол. Рақиблар даражаси юқори ва бошқа факторлар кўп. Шунинг учун, ушбу жиҳат мени унчалик ўйлантирмаяпти. Осонликча гол ўтказаётганимиз кўпроқ ўйлантириши керак.

- Ника Качарава мажбурий ўзгариш бўлдими?

- Жароҳати қанчалик оғир эканлигини энди биламиз. Асосий таркибда энди майдонга тушганди. Ёмон ўйин ўтказмади, назаримда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia