

Ўйиндан кейин "Бухоро" бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор мухлисларимизни ушбу ғалаба билан табриклайман. Мухлислар биздан чиройли ўйин ва ғалаба кутишади, шу боис табриклайман. Жуда тиғиз тақвим остида ўйинларни ўтказдик, толиқиб ҳам қолдик. Ўйиннинг охирги дақиқаларини валидол остида ўтказдик. Учрашувнинг биринчи 20 дақиқасини яхши ўтказдик. Гол уриб олдик. Ундан кейин негадир ўйинимиз қовушмади, баҳсни назорат қила олмадик, устунлик рақибга ўтди ва ўз ўйинини кўрсата бошлади. Натижадан қониқдим, лекин ўйинимизни янада яхшилашимиз керак. Кучайтириш керак бўлган жиҳатлар кўп. Тиғиз тақвимда йигитлар ўйнаб беришди, бунинг учун раҳмат айтаман.
- Шаҳбоз Жўрабеков "Пахтакор"га қарши ўйинда қизил карточка олиб, иккита ўйинга дисквалификация қилинди. Шундан бери унинг ўрнида Кирилл Тодоров ўйнаяпти. Тодоровни Жўрабековга яхши алмаштириш деб ҳисоблайсизми?
- Тодоров ўйлашимча, иккита учрашувни ёмон ўтказмади. Шаҳбознинг ўзига яраша плюслари бор. Тодоровнинг ҳам ўзига яраша плюслари бор. Бу ерда рақобат ҳақида гап кетяпти, кейинги ўйинларда ким майдонга тушишини кўрамиз. Менга Тодоровнинг иккита баҳсдаги ҳаракати ёқди, ундан қониқдим. Унда салоҳият бор деб ўйлайман. У ҳали ўсади.
- 70-рақамда майдонга тушган Оғабек Маҳмадаминовни "сеҳрли таёқча" деса бўладими? Унга имконият бердингиз, у имкониятни оқлай олдими? Бу футболчи U-21 жамоасида яхши ўйин кўрсатяпти.
- Биз унинг имкониятларини ва ёшлар лигасида яхши ҳаракат қилаётганини биламиз. Қачондир унинг вақти келади ва яхши ҳужумчи бўлиб етишиши ўзига боғлиқ. Бугунги баҳсни Качавар жароҳат сабаб, Жўрабоев қизил карточка туфайли ўтказиб юборди ва Оғабекка имкон бердик. Уни дебют билан табриклайман.



