"Бухоро" мавсумни юқори учликда тугатмоқчи, Филипп Лам бўлмоқчи эдим. Лекин... " — Шаҳбоз Жўрабеков

Aslanov Jasurbek
6 май 2026, 18:38
Александр Хомяков бошчилигидаги "Бухоро" мавсум стартини яхши бошлади.

Кетма-кет қўлга киритилган очколар жамоани танаффусга учинчи ўринда йўл олишини таъминлади. Табиийки, бу натижа футбол оммаси учун кутилмаган ҳодиса сифатида қабул қилинди. "Бухоро" ҳимоячиси Шаҳбоз Жўрабеков бу борада 11 та тур бўйича умумий хулосаларини билдирди.

​— Чемпионатнинг 11-тури ортда қолди. Ортга назар ташлаб, қандай хулосалар қилиш мумкин?

​— Авваламбор, эътибор ва интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Ортда қолган 11 та турни бир текис ўтказдик, дея олмайман. Қайсидир баҳсларда мазмунли ўйин кўрсатиб мағлуб бўлган бўлсак, аксинча, ўйинимиз чиқмаган вазиятларда ҳам ғалабани қўлга киритган ҳолатларимиз бўлди. Ҳозирча хулосаларимиз ўртача, чунки олдинда бизни ҳали узоқ йўл кутиб турибди. Умуман олганда, дастлабки турлар курашларга бой ва ҳақиқий Суперлигага хос руҳда ўтди. Турнир жадвалидаги ҳолат ҳам бунга яққол мисол бўла олади: барча жамоалар бир-бирига жуда яқин ва рақобат юқори.

​— "Бухоро" танаффусга учинчи ўринда чиқиб кетгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Бу муваффақиятнинг асосий сабаблари нимада?

​— Ҳа, биз танаффусга аъло кайфиятда, жадвалнинг юқори қисмидан жой олган ҳолда йўл олмоқдамиз. Бу кўпчилик учун кутилмагандек туюлиши мумкин, лекин бу натижа замирида катта меҳнат ётибди. Энг асосий омил — жамоадаги аҳиллик ва охирги уч йил ичида таркибнинг ўзаги сақлаб қолинганида деб ўйлайман. Биз ўтган мавсумда ҳам ёмон ҳаракат қилмагандик, бунга мисол тариқасида Кубок финалига қадар борганимизни айтишим мумкин. Яна бир муҳим сабаб — жамоада иштиёқ ва ўзига бўлган ишонч ўйиндан-ўйинга ортиб бормоқда.

​— Бу натижани рақобатчиларнинг очко йўқотиши билан боғлаш мумкинми ёки жамоанинг мақсади ҳақиқатан ҳам жиддийми?

​— Очиғини айтсам, биз бошқа жамоаларнинг натижаларига қараб эмас, балки ҳар бир ўйинда ўзимиз учун керакли бўлган уч очко ҳақида ўйлаймиз. Турнир жадвалига қарашга эса ҳали эрта. Ҳозир кучли учликда бўлсак-да, эртага нима бўлишини Яратган билади. Суперлигадаги барча 16 та жамоанинг мақсади юқори бўлиши табиий. Бизнинг ниятимиз ҳам мавсумни кучли учликда якунлаш. Аммо бу жуда қийин бўлади, чунки Суперлигада осонликча таслим бўладиган жамоанинг ўзи йўқ.

​— Олдинда Ўзбекистон Кубоги баҳслари кутмоқда. "Бухоро" амалдаги финалчи сифатида бу гал қандай мақсадларни кўзлаган?

​— Ҳа, энди бор эътиборимизни Кубок ўйинларига қаратамиз. Ўтган йилги финалчи сифатида мусобақани бошлаш масъулиятимиз бор. Албатта, бу сафар ҳам камида ўтган йилги натижани такрорлаш ниятидамиз. Бу ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Насиб қилса, яна финалга чиқиб, ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатдаги вазифамиз эса — гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб олиш.

​— "Пахтакор" билан ўйинда фаолиятингиздаги илк қизил карточкани олдингиз. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

​— Бу ҳолат фаолиятимда биринчи бор содир бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам, қилган ишим профессионал футболчига хос эмас эди. Эмоцияга берилиб кетдим. Бу — бўлар иш бўлди. Фаолиятимни бошлаш арафасида олдимга қўйган иккита мақсадим бор эди, афсуски, улар энди армон бўлиб қолди. Биринчиси — Франческо Тотти каби бутун фаолиятимни битта жамоада ўтказиш бўлса, иккинчиси — Филипп Лам каби фаолиятим давомида умуман қизил карточка олмаслик эди. Лекин биз хоҳлаган нарсалар ҳар доим ҳам бўлавермас экан.

​Футбол мухлислар учун ўйналади. Шу фурсатдан фойдаланиб, айрим мухлисларимиздан муҳлислик маданиятига риоя қилишларини ҳам сўраб қолган бўлардим.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia