

Александр Хомяков: “Футболни тушунадиганлар бундай баҳсда дуранг қайд этиш омадли натижали деб ҳисоблашади. Шу сабабли йигитларга раҳмат, таслим бўлишмади. Натижа адолатли деб ўйлайман.
- Ўйин давомида ҳакамнинг қарорларидан норози бўлдингиз ва сариқ карточка билан жазоландингиз.
- Ҳаммага сариқ беришди, ҳатто қизил карточка ҳам кўрсатишди. Футболчи марказда ўйнаяпти, атрофи тўла ўйинчи. У қаерга қочиб кета олади? Ҳужумни тўхтатиш… Қанақа ҳужумни тўхтатиш? Балки “трактовка”лар ўзгаргандир. Ҳар сафар янги нимадир чиқади. Ҳозир ҳужумчилага жуда осон. Улар шунчаки тирсакни топади ва йиқилади. Футбол ҳозир балетга яқинлашиб боряпти.
- “Нефтчи” билан баҳсдан сўнг совринли ўринлар учун курашамиз дегандингиз. Бундай ўйин билан медаллар учун курашиш мумкинми?
- Медаллар учун курашиш ҳақида гапирганимни эслай олмадим. Балки бошқача таржима қилишгандир. Бундай ўйин? Қолган жамоалар бу стадионда яхшироқ ўйнаяптими? Бу ерда қандайдир футбол кўрсатиш қийин.
Тепада қолишга ҳаракат қиламиз деганман ва бу ишни уддасидан чиқяпмиз.
- “Нефтчи” билан баҳс охирида “Бухоро” футболчилари тўп билан рақиб устидан кулишни бошлади. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди?
- Битта шунақа вазият бўлди. Шу ҳақида айтаётган бўлсангиз керак. Ҳаммамиз инсонмиз, ҳаммамизда ҳиссиётлар бор. Тўғри, ҳунук вазият бўлди. Ҳаммамиз ҳиссиётга бериламиз.
- “Қўқон-1912”нинг майдони ҳолати “Бухоро” ўйини сифатига таъсир қилдими?
- Ўзингиз кўриб турибсизку. Нима дейишимни хоҳлаяпсиз? Ўйнашга рухсат беришяптими, демак мумкин. Майдон ҳамма учун бир хил эди. Ҳозир кўплаб майдонларнинг сифати бузилган.



