

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз...
– Аввало, рақибни ғалаба билан табриклаш керак. Амалда уларнинг ғалаба қозониш истаги юқори экани кўриниб турди. Таъбир жоиз бўлса, улар бу ғалабага сабр ва меҳнат билан эришдилар. Бизга келсак, бугун бизнинг кунимиз эмас эди, чоғи. Биринчи бўлимдан сўнг статистика бизда 4 та зарба, уларда эса умуман зарба йўқлигини кўрсатиб турган бир пайтда, танаффусга 0:1 ҳисобида йўл олганимизни яна қандай тушунтириш мумкин? Кейин эса танаффусдан қайтибоқ иккинчи голни ўтказиб юбордик. Шундан сўнг бу футбол эмас, балки шунчаки ҳиссиётлар майдонига айланиб кетди. Тўғри, биз ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилдик, аммо умуман олганда, ўйин биз кутгандек чиқмади. Биз ушбу учрашув учун бироз бошқача режа тузган эдик. Ўтказиб юборилган бу икки гол мутлақо кутилмаган ва мантиқсиз бўлди. Ва, албатта, вазиятлардан фойдаланиш борасида оқсадик. Агар биринчи бўлимда ўз имкониятларимизни голга айлантирганимизда, ўйин бошқача тус олиши мумкин эди. Шундай бўлса-да, йигитлар ҳаракат қилиб, иккита тўп киритишнинг уддасидан чиқишди. Йигитларга раҳмат айтиш керак. Лекин тўғрисини айтсам, бу жуда аламли ҳолат, бундан қочиб қутула олмайсиз. Рақибни яна бир бор ғалаба билан табриклайман.
– Сир бўлмаса, ушбу ўйин учун режа тузишда нималарга асосландингиз ва ўйинингизни жамоамизнинг қандай хатолари устига қурмоқчи эдингиз?
– Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Бизга яхши маълумки, "Қизилқум" охирги 4 та ўйинда, жумладан, бизга қарши учрашувда ҳам ўз уйида барча рақибларини мағлуб этди. Шунинг учун асосий эътиборни дастлабки 20 дақиқаликка қаратган эдик: уларга ҳисобда олдинга чиқиб олиш имконини бермаслик ва шундан сўнг ҳимояга таянган ҳолда, ёпиқроқ ўйин кўрсатиб, қарши ҳужумларда ҳаракат қилишни мақсад қилгандик. Жамоа бош мураббийи ҳам доим таъкидлайдики, улар ўтиш фазаларида жуда кучли ва бўш ҳудудлар пайдо бўлганда ҳужум қилишни хуш кўришади. Дарвоқе, иккинчи гол айнан шундай ўтиш ҳолатида содир бўлди. Биз тўпни йўқотдик, марказда вазиятни ўнглай олмадик, курашда бой бердик ва иккинчи голни ўтказиб юбордик. Шу боис, асосий урғу дастлабки 20 дақиқада тартибли ўйнашга қаратилганди. Буни биз амалга оширдик ҳам — менимча, биринчи 20 дақиқада ўйинни ёмон назорат қилмадик ва вазиятлар ҳам яратдик. Бироқ, афсуски, 20-дақиқадан сўнг негадир шошилиб, асабий ўйнай бошладик. Бу эса дарвозамизга унчалик хавфли бўлмаган голнинг киритилишига олиб келди. Иккинчи бўлимда ҳам режамиз дарҳол олдинга ташланмаслик ва ҳисобни тенглаштириш учун пала-партиш ҳаракат қилмаслик эди. Лекин бу ҳам ўхшамади: рақиб тезкор иккинчи голни урди ва ўйин очиқроқ тус олди, бу эса бизнинг фойдамизга хизмат қилмади. Тўғри, иккита гол уришга эришдик. Лекин яна бир бор қайтараман, балки бугун бизнинг кунимиз эмасдир. Кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. Футболда шундай бўлиб туради. Ҳаёт давом этади, кейинги уй учрашувига тайёргарликни бошлаймиз.
– Кўпгина ҳужумларни дарвозабон орқали бошлаётганингиздек таассурот уйғонди. Шунинг оқибатида автогол содир бўлди.
– Ҳа, бизда шундай режа бор. Агар рақиб прессинг уюштирса, дарвозабон орқали ўйнаб, бу босимни ёриб ўтишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, автогол содир бўлган вазиятда ҳеч қандай босим йўқ эди. Бу нима билан боғлиқлигини билмайман. Назаримда, бу мутлақо кутилмаган ва шарт бўлмаган гол эди. Шундай бўлса-да, ҳақиқатан ҳам рақиб босим қилганда дарвозабон орқали ўйнашга ҳаракат қиладиган вазиятларимиз бор, бунинг ҳеч қандай ғайритабиий жойи йўқ. Бизда очиқ гапиришни хоҳламайдиган маълум муаммолар мавжуд. Афсуски, ўзингиз кўриб турибсиз: яна жароҳат, яна майдондан четлатиш ҳолатлари. Шу сабабли барқарор равишда бир хил таркибда ўйнай олмаяпмиз, доимо ротация қилишга мажбурмиз. Ҳар ўйинда камида икки нафар футболчимизни йўқотмоқдамиз. Кейинги ўйинни ҳам яна иккита йўқотиш билан бошлаймиз. Нима ҳам дердик, вақтимиз бор, буни ҳали таҳлил қилиб чиқамиз.



