Осиё кубоги-2027 қолдириладими? Осиё кубоги ҳақида Алишер Никимбаев ўз фикрларини билдирди

3 ноя 2026, 10:03
Алишер Никимбаев ўз каналида қитъамизнинг энг йирик мусобақасини қолдирилиши мумкинлиги ҳақида пост жойлади.

Кеча турли инсонлар, жумладан, ОФК ходимлари билан суҳбатлашганимдан сўнг, шуни айтишим мумкинки, турнирни кўчириш масаласи ҳал қилинган.

Гап энди бу ҳақда қачон расман эълон қилинишida эмас. Асосий савол — Осиё кубоги энди қачон ўтказилади?

Турнирни шунчаки 12 ойга кўчиришнинг имкони йўқ. Чунки 2028 йил январь ойида Японияда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги режалаштирилган. Японияда бирор мусобақа режалаштирилган бўлса, унинг муддатларини ўзгартириш жуда қийин.

Бундан ташқари, 2028 йилда Рамазон ойининг муддатлари ҳам ўзгаришини унутмаслик керак. У февраль бошида эмас, январь охирида бошланади.

Осиё кубогини январь ойида ўтказмаслик ҳам осон эмас. ФИФА халқаро тақвимида қитъа турнирлари учун иккита давр мавжуд: январь ҳамда июнь-июль ойлари.

Бошқа томондан, ўтган йили Африка футбол конфедерацияси тажриба тариқасида Африка кубогини 21 декабрда бошлади ва, чамаси, бундан афсусланмади. Демак, бундай тажриба мавжуд.

Аммо ҳозир ОФК олдида турган вазифа CAF олдидаги вазифадан анча мураккаб. Миллий терма жамоалар ўртасидаги иккита йирик турнирни тақвимга жойлаштириш керак. Бунинг устига, Чемпионлар лигаси ҳам энди кўпроқ ўйин кунларини талаб қилмоқда.

Хуллас, ҳозир ОФКдаги ҳамкасбларга ҳавас қилиб бўлмайди. Улар, классик айтганидек, улкан ишни жуда қисқа вақт ичида амалга оширишлари керак.

Осиё кубогини Саудия Арабистонидан бошқа давлатга кўчиришни таклиф қилаётган ўқувчиларга ҳам бир гап бор.

Муаммо шундаки, ОФК қанчалик ўзбошимча ташкилотдек кўринмасин, барибир ўз регламентларига риоя қилишга мажбур.

Биринчидан, турнирни мезбон давлатдан олиб қўйиш унчалик осон эмас. Саудия Арабистонининг ўзи мусобақани ўтказишдан бош тортмаяпти (бир неча йил аввал Хитой қилганидек).

Турнирни мезбон давлатдан олиб қўйиш учун жиддий сабаблар керак. Масалан, стадионлар ёки инфратузилманинг тайёр эмаслиги.

Минтақадаги кескин вазият ҳам шундай сабаб бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолда домино тамойили асосида шу минтақада ўтказилиши режалаштирилган бошқа мусобақалар ҳам шубҳа остида қолади.

Бундан ташқари, турнирни муддатларини ўзгартирмасдан бошқа давлатга кўчиришнинг имкони йўқ. Агар мусобақа кейинроққа сурилса, шу вақт ичида минтақадаги вазият юмшаши эҳтимоли ҳам бор.

Осиё кубогининг айнан Саудия Арабистонида ўтказилишига боғлиқ равишда тузилган ҳомийлик шартномаларини ҳам унутмаслик керак.

Бундан ташқари, аллақачон имзоланган кўплаб бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Турнир Саудия Арабистонидан кўчириладиган бўлса, уларнинг ҳам қайта кўриб чиқилишига тўғри келади.

Шунинг учун ҳозир бошқа масалаларни муҳокама қилиш керак. Агар турнир кўчирилса, бундан қандай фойда олиш мумкин?

Масалан, Ўзбекистон чемпионатида 2026 йилги мавсумни узайтириш ва футболчиларни ортиқча юкламадан ҳимоя қилиш учун ўйинлар орасидаги танаффусни кўпайтириш имконияти пайдо бўлади.

Гарчи декабрь ойида қайси майдонларда футбол ўйнаш масаласи очиқ қолса-да.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва унинг бош мураббийи Фабио Каннаваро учун Осиё кубогининг кўчирилиши ФИФА кунларида бошланган таркиб ва тактика бўйича тажрибаларни давом эттириш имкониятини англатади.

Ҳа, терма жамоа фахрийлари яна бир ёшга улғаяди. Аммо бошқа томондан, ёш футболчилар миллий терма жамоа сафида ўйнаш тажрибасига эга бўлишади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: @ANikimbaev