

— Сергей, ғалаба билан яна бир бор табриклаймиз. Иккинчи ўйинда ҳужум чизиғи юқори даражада ҳаракат қилди. Ҳар куни ҳам олтита гол урилавермайди, хет-трик ҳам ҳар куни қайд этилавермайди, айниқса Арсен Венгер футболчимизни ҳар куни ҳам табриклавермайди. Айтингчи, статистикага кўра, рақиб дарвозасига 43 марта зарба берилиб, олтита гол урилди. Мураббий сифатида натижадан қай даражада мамнунсиз?
— Ассалому алайкум, авваламбор. Ғалаба қозониш ҳар доим ёқимли, аммо бизда ҳали ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Ҳа, айтганингиздек, дарвоза томон 43 та зарба йўлланди, шундан олтитаси гол бўлди. Мураббий учун доим ишлаш ва тузатиш керак бўлган жиҳатлар топилади. Табиийки, вазиятлардан фойдаланиш самарадорлиги устида ишлашимиз зарур. Шунингдек, ҳимояда ҳам муаммоларимиз бор — ҳозир ҳар бир ўйинда гол ўтказяпмиз, бу камчиликларни ҳам бартараф этишимиз керак. Машғулотларда шу устида ҳам ишлаяпмиз.
— Вазиятлардан фойдаланиш самарадорлигини ниманинг ҳисобига ошира оламиз?
— Бунинг барчаси машғулот жараёни. Ҳамма нарса устида кўпроқ ва кўпроқ ишлаш керак.
— Яъни йигитлар руҳий жиҳатдан эркин, ҳеч қандай босим йўқ, шундайми?
— Албатта, айрим йигитларда ҳаяжон бор — Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этишяпти. Табиийки, йигитлар ёш, баъзиларида руҳий барқарорлик етишмайди. Бу масала бўйича ҳам йигитлар билан суҳбатлашяпмиз, тушунтиряпмизки, эркин ўйнаш лозим. Бироқ айрим футболчиларда бироз ҳаяжон сезилмоқда.
— Қаранг, Суҳроб Садиржонов ўнг қанотдан олдинга ёриб кирганда янада самарали ҳаракат қилади. Аммо вақти-вақти билан уни қарама-қарши қанотда ҳам кўряпмиз. Бу мураббийлар кўрсатмаси биланми ёки майдондаги вазиятдан келиб чиқиб ўзлари шундай ҳаракат қилишадими?
— Йўқ, табиийки, уни ўнгда ҳам, чапда ҳам ўйнатамиз. Албатта, у ўнг қанотда самаралироқ, чунки асосан ҳимоячилар ортига ёриб киришни яхши кўради, тезкорлиги юқори — биз унинг энг кучли фазилатларидан фойдаланишимиз керак. Чап қанотда ҳам, умуман олганда, ёмон кўринмаяпти. Бу рақибнинг бизни ўрганаётгани билан ҳам боғлиқ. Биз ҳам ротация қилишимиз, қанотларни алмаштириб туришимиз керак. Бунда ғайриоддий нарса йўқ.
— Уни охиригача ўйнатиб, учта гол билан чекланмасдан тўртинчи, бешинчи, балки олтинчи голни ҳам уришига имкон бериш истаги бўлмадими?
— Йўқ, захирада ундан кам бўлмаган йигитларимиз бор, майдонга тушиб ўйинни кучайтиришди. Табиийки, у ҳам бироз толиқди. Қолаверса, бу ерда тикланиш учун атиги икки кун вақт берилган. Вақт камлиги сабабли йигитларга ҳам дам беряпмиз.
— Нима учун голлар ҳақида гап очдим? Олдинда учинчи ҳал қилувчи тур бор ва эҳтимол, тўплар нисбатини ҳисоблашга тўғри келар.
— Ҳаммаси бўлиши мумкин, аммо биз ҳозирча бунга эътибор қаратмаяпмиз. Ҳозир бор эътиборимизни Италияга қарши ўйинга қаратганмиз — ўз очколаримизни олиш ва кейин ҳеч нарсани ҳисобламаслик учун. Ўз очколаримизни... Очко эмас, айнан ғалаба ва очколар. Албатта, насиб этса, ҳар доим ғалаба учун майдонга чиқишимиз керак.
— Италия терма жамоаси бизга нимаси билан қийинчилик туғдириши мумкин?
— Италияликлар ўтказган икки ўйинни кўриб чиқдик. Ростдан ҳам юқори савиядаги жамоа, бежизга Европа чемпиони эмас. Уларнинг кучли томонлари бор, лекин заиф жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Айнан машғулот жараёнида ўша заиф жиҳатларидан фойдаланиш устида ишлаймиз.
— Жароҳат олган футболчиларимизнинг ҳолати қандай?
— Ҳозирча Муҳаммад деярли тайёр, машғулотларда қатнашяпти, кеча тўп билан ишлашга уриниб кўрди, бугун ҳам тўп билан машқ қилади. Насиб этса, оғриқ сезмаса, эртага майдонга туша олади. Адиснинг аҳволи эса бироз мураккаброқ, оёғида ҳали ҳам оғриқ бор. Адис ҳам Доҳада ўзини кўрсата олиши учун биз имкон қадар узоқроққа боришимиз керак. Насиб этса, кейинги ўйингача сафга қайтади.



