ОЧЛ 2: ҳакам “маст ҳолатда” деб айбланиб, танаффусда алмаштирилди

26 ноя 2026, 00:03
Абу-Дабида ўтказилган ОФК Чемпионлар лигаси 2 учрашувида ғайриоддий воқеа юз берди.

“Ал Жазира” (БАА) ва “Гол Гоҳар” (Эрон) жамоалари ўйинида суриялик ҳакам Ханна Ҳаттаб танаффусда алмаштирилди.

Иккинчи бўлимни тўртинчи ҳакам бошқарди.

Эрон клуби вакиллари ҳакамни спиртли ичимлик ичганликда айбламоқда. “Гол Гоҳар” жамоаси менежери танаффусда Varzesh3 нашрига берган изоҳида ҳакам “нормал ҳолатда эмас”лигини айтди. Унинг сўзларига кўра, клуб ОФКга иккинчи бўлимга майдонга чиқмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг ҳакам алмаштирилди ва эронлик футболчилар майдонга қайтди.

Бу айбловлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Жанжал биринчи бўлимдаги ғалати вазиятдан кейин бошланган. 32-дақиқада “Гол Гоҳар” ўйинчиси Али Асғар Ашурийга нисбатан қоидабузарлик қайд этилгач, ҳакам “Ал Жазира” дарвозабони Эрсин Дестаноғлуга сариқ карточка кўрсатди. Ўйин тахминан 4 дақиқа тўхтаб турди. Ҳаттаб тўртинчи ҳакам билан маслаҳатлашгач, огоҳлантиришни бекор қилди.

Танаффусда телекамералар “Гол Гоҳар” бош мураббийи Меҳди Раҳматийни ҳам кўрсатди. У ўз ёрдамчиларига ҳакамнинг олдига бориб, бу қарорни тушунтириб беришини сўрашни буюрди.

Ханна Ҳаттаб Осиёнинг тажрибали ҳакамларидан бири. У 2023 йилги Осиё кубоги ҳакамлари рўйхатида ҳам бўлган.

Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›