Африка Миллатлар кубоги саралаши: "Қўқон-1912" ҳужумчиси гол урди

Оқил Абдубарноев
26 сен 2026, 12:39
2027 йилги Африка Миллатлар кубоги саралаш босқичи доирасидаги "K" гуруҳи баҳслари старт олди.

Дастлабки турда Руанда терма жамоаси Кигали шаҳридаги "Амахоро" стадионида Либерияни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари учун эътиборли жиҳати шундаки, мазкур беллашувда меҳмонларнинг таскин берувчи ягона голига "Қўқон-1912" клуби ҳужумчиси Силванус Нимели муаллифлик қилди.

Учрашув мезбонларнинг фаоллиги билан бошланди. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ Абедди Бирамахире ҳисобни очган бўлса, 33-дақиқада Микелс Лерой Жак Руанданинг устунлигини икки баробарга оширди. Орадан беш дақиқа ўтиб, қўқонликлар легионери Силванус Нимели ҳисобни қисқартирди ва жамоасини ўйинга қайтаришга уринди. Бироқ кўп ўтмай Микелс Жой Лэнс белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, иккита тўп фарқини қайта тиклади. Иккинчи таймда Либерия вазиятни ўнглашга интилганига қарамай, "Амавуби юлдузлари" ҳисобни ушлаб қолишни уддалади.

Ушбу ғалабадан сўнг Руанда ўз гуруҳида пешқадамга айланди. Гуруҳдаги иккинчи ўйин Мали ва Кабо-Верде терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

Саралашнинг 2-турида Руанда Кабо-Вердега қарши узоқ сафарга йўл олса, Силванус Нимели ҳаракат қилаётган Либерия терма жамоаси ўз майдонида Малини қабул қилади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›