Сильванус Нимели: "Хатолардан вақтида хулоса чиқариш муҳим. Қўқон-1912 уйғонмоқда"

Iskandarov Abdulaziz
21 авг 2026, 11:10
"Қўқон-1912" жамоасининг либериялик ҳужумчиси Сильванус Нимели "Бунёдкор"га қарши кечган баҳсдан (1:0) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўйин ҳақида таассуротларингиз...

— Бу биз учун жуда қизиқарли ва муҳим ўйин бўлди. Сир эмас, сўнгги бир неча ҳафта давомида ўз ўйинимизни топиб олишга жуда қийналдик. Мураббийлар штаби ва бутун жамоа билан биргаликда жуда кўп меҳнат қилдик, аммо майдонда ишлар ўхшамаётганди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради — бор кучингизни берасиз, лекин натижа келавермайди. "Насаф"га қарши Навоийдаги беллашувда бор кучимизни ишга солдик ва айнан ўша ўйиндан сўнг ўзлигимизни топа бошладик. Кейин уйга қайтиб, уч очкони қўлга киритдик. Тошкентга ҳам фақат ғалаба учун келгандик ва мақсадимизга эришдик. "Бунёдкор" жуда яхши ва ёш жамоа, уларда сифатли футболчилар кўп, рақибни жуда ҳурмат қиламан. Лекин бугун майдонга фақат уч очко учун тушгандик.

Бу мавсумда кам гол ураётганингиз сабаби нимада?

— Ўтган мавсумда кетма-кет иккита жиддий жароҳат олдим. Бу мени ўйинимни пасайишига олиб келди. Майдонга қайтиш ва етарли ўйин амалиётига эга бўлиш учун "Нефтчи"дан вақтинча кетишимга тўғри келди. Бу футбол, табиий ҳолат. Умид қиламанки, аста-секин аввалги спорт формамга қайтяпман.

Сизнингча, бу мавсумда Суперлигада қайси жамоа зафар кучади?

— Суперлигадаги ҳар бир клубни ҳурмат қилиш керак, чемпионатда сифатли ва кучли жамоалар жуда кўп. Албатта, Фарғона жамоаси ("Нефтчи") мен учун биринчи рақамли. Ўтган йили улар билан бирга чемпион бўлгандик. Ҳозир "Қўқон-1912" футболчисиман ва бор эътиборим шу жамоада. Лекин чемпионлик ҳақида сўрасангиз, "Нефтчи"ни асосий фаворит деб ҳисоблайман.

Бугунги ўйинда "Қўқон-1912"нинг кўплаб мухлислари жамоани фаол қўллаб-қувватлашди...

— Ҳа, омадсиз ўйинлардан сўнг ўз майдонимизда бор кучимизни бериб ўйнаганимизни кўриб, ишқибозлар бизга янада кўпроқ ишона бошлашди ва Тошкентгача келиб қўллашди. Бу ҳали бошланиши, биз олдинга интилишда давом этамиз.

— Охирги ўйинлардаги муваффақиятли натижада асосий рол нимада бўлди ?

— Муваффақият сири — аҳил жамоавий меҳнатда. Биз узоқ вақт омадсизликка учрадик, ҳамма нарсани тўғри қилаётган бўлсак-да, натижа келмади. Аммо мухлислар, мураббийлар ва клуб раҳбарияти бизни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмади, доимо қўллаб-қувватлади. Ҳаётда шундай пайтлар бўладики, охиригача курашишингиз, вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, уйғонишингиз керак бўлади. Назаримда, "Қўқон-1912" айнан ҳозир уйғонмоқда. Меҳнат қилишда давом этамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia