Аббос Эргашев: "Гулистон" олдига Пролигага чиқиш вазифаси қўйилган эди, мақсадимизга эришдик"

Iskandarov Abdulaziz
11 ноя 2026, 10:55
Биринчи лига ғолиблигини қўлга киритган "Гулистон" бош мураббийи Аббос Эргашев мавсум ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.

— Аввало, жамоамизнинг барча футболчилари, мураббийлар штаби, клуб раҳбарияти ва бизни қўллаб-қувватлаган барчани чемпионлик билан табриклайман.

Ўйинга тўхталадиган бўлсак, бугун ҳақиқий финалга хос, муросасиз ва кескин курашларга бой учрашув бўлди. Жамоамиз футболчилари майдонда бор имкониятларини ишга солиб, ўзларига хос ўйин намойиш этишди. Энг муҳими, керакли натижага эришиб, чемпионликни қўлга киритдик ва Про лига сари муҳим қадам ташладик.

Ушбу муваффақиятга эришиш йўлида мавсум давомида катта меҳнат қилинди. Фурсатдан фойдаланиб, бутун мавсум давомида бизни қўллаб-қувватлаган, жамоамизга ишонган барча инсонларга миннатдорлик билдираман. Футболчиларимиз ҳар бир учрашувда бор кучларини ишга солиб, чемпионликка муносиб эканликларини исботлашди.

Шунингдек, мусобақа ташкилотчиларига ҳам алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Мусобақа юқори савияда ташкил этилди. Айниқса, финал учрашуви олдидан ўтказилган тадбирлар, яратилган шароитлар ва ташкилий ишлар эътирофга лойиқ. Бунинг учун барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Мавсум бошида жамоамиз олдига Про лигага чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бугун ана шу мақсадимизга эришдик. Албатта, бу биз учун катта ютуқ. Аммо бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Келгуси мавсумда ҳам муносиб иштирок этиш, олдимизга қўйилган янги вазифаларни бажариш учун ҳаракат қиламиз.

Жамоамизнинг ушбу муваффақияти клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг биргаликдаги меҳнати самарасидир. Биз бутун мавсум давомида бир оиладек ҳаракат қилдик. Мураббийларимиз жамоада тартиб-интизомни таъминлаш, футболчиларни учрашувларга пухта тайёрлаш ва машғулотларни сифатли ташкил этиш йўлида катта меҳнат қилишди.

Клуб раҳбариятига, айниқса, биз учун барча зарур шароитларни яратиб берган инсонларга алоҳида миннатдорлик билдираман.

Қорақалпоғистон футбол академиясида бугун жуда яхши салоҳиятга эга ёш футболчилар етишиб чиқмоқда. Ишонаманки, келгусида улар нафақат клубимиз, балки турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз сафида ҳам муносиб иштирок этишади.

Яна бир бор барчани чемпионлик билан табриклайман. Бу ғалаба — барчамизнинг умумий меҳнатимиз маҳсули бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: UzPFL

Сўнгги янгиликлар

Барча ›