

Эндиликда жамоа 20 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги чорак финалида ОКМК меҳмони бўлади. Кейин эса Биринчи лига плей-офф баҳсларида ҳам қатнашади. Мавсум якунлари, олдиндаги бўлажак беллашув олдидан жамоа бош мураббийи Аббос Эргашев билан суҳбатлашдик.
- “Марказ” минтақасида мавсум якунига етди. Бу ўйинлар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Менинг фикримча, мавсумнинг биринчи қисми якунланди. Энди асосий қисмлари ва ўйинлари ҳали олдинда турибди. Ортда қолган ўйинларимизга келсак, биз жуда яхши иштирок этдик ва яхши лаҳзаларга эга бўлдик. Биринчи лигада ҳам, Ўзбекистон Кубогида ҳам “Гулистон” билан муваффақиятли иштирок этиб келяпмиз ва буни давом эттиряпмиз. Мақсадларимиз катта. Қолган ўйинларимизда ҳам юқори натижа кўрсатишга ҳаракат қилмиз.
- Айтинг-чи, бош мураббий сифатида жамоангиз кўрсатган ўйинлардан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Хабарингиз бор, жамоа бу йилда ўз фаолиятини қайта ташкил этилди. Имкониятларимиздан келиб чиқиб, таркибни шакллантирдик. Шу йигитлар билан жамоамиз ўйин услубини шакллантирдик. Энг яхши ва юқори кўрсатган ўйинларимизда ҳам сифатни янада яхшилаш учун нималарга эътибор беришимиз кўринди. Хатолар бўлди, уларни бартараф этиш устида кўпроқ ишладик. Демоқчиманки, энг юқори паллада ҳам жамоа, футболчилар ва мураббийлар ҳам ўз устида кўпроқ ишлаши ва имкониятларини янада кенгайтириши керак. Умуман олганда мавсум давомида йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Шу ўринда биз мураббийлар ҳам ўз устида ишлаши ва кўпроқ меҳнат қилишда давом этамиз. Яхши меҳнат орқали натижалар ҳам яхшиланиб бораверади.
- Бизни ОКМК клубига қарши жиддий баҳс кутмоқда. Олмалиқдаги баҳсда жамоамиз ўз олдига қандай мақсад қўйган?
- Чоракфиналдаги ўйин жиддий, масъулиятли ва муҳим ҳисобланади. Бу босқичга қадар етиб келганимиз жамоамиз учун катта натижа ва тарих. Бу тарихни янада яхшилаш ва ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Олмалиқда ҳам мухлисларимиз қувонтириш учун охиригача беллашамиз.
- 27 октябрдан Биринчи лига плей-офф ўйинларида муҳим ўйинлар кутмоқда. Айтинг-чи, “Гулистон” ўтиш беллашувларида ҳам ғолиблик учун курашадими?
- Ҳа, албатта ўйинларга муносиб тайёргарлик кўрамиз. Рақиблар ким бўлишидан қатъи назар ўйинларга жиддий эътибор берамиз. Тошкентдаги плей-оффда фақат ва фақат чемпионлик учун курашамиз. Мақсадимиз — фақат ғолиб бўлиш ва мухлисларимиз, сирдарёлик футбол ишқибозларини қувонтириш.


