

26-турнинг энг яхши дарвозабони — Умиджон Эргашев (“Хоразм”)
"Хоразм" бу турда "Пахтакор"га кичик ҳисобда (0:1) имкониятни бой берди. Шунга қарамай, баҳс давомида жамоасини қатор вазиятларда қутқариб қолган ва нақд 8 та сэйв кўрсатган хоразмликлар посбони тур дарвозабони деб топилди.

26-турнинг энг яхши мураббийи — Миржалол Қосимов (ОКМК)
ОКМК бу турда “Локомотив” меҳмони бўлиб, иродали жамоа эканлигини яна бир бор кўрсатди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Уларнинг иккинчи голи 90-дақиқада урилгани бунга далил бўлиб турибди. Олмалиқликлар баҳс давомида мураббий кўрсатмаларини аниқ бажариб, мазмунли ўйин намойиш этишди. Шу боис ОКМК устози Миржалол Қосимов ҳақли равишда тур мураббийи деб топилди.

26-турнинг энг яхши футболчиси — Анвар Ҳожимирзаев (“Динамо”)
“Динамо” бу турда Ғузорда “Машъал”ни йирок ҳисобда таслим қилди (3:0). Учрашувда самарқандликлар ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаев жамоанинг ҳақиқий лидери эканлигини исботлаб, 1 та гол урди ва 1 та голга ассистентлик қилди. Шундай қилиб, айнан у тур футболчиси номига лойиқ кўрилди.

26-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Муҳаммадбобур Каримов (“Пахтакор”)
“Хоразм”га қарши ўйинда ягона голни “Пахтакор” ҳимоячиси Муҳаммадбобур Каримов урди (1:0). 20 ёшли футболчи 89-дақиқада ўзининг кучли зарбаси орқали дарвоза пастки бурчагини пойлади, бу голни майдондаги футболчилар шунчаки томоша қилди. Айнан шу гол турдаги энг чиройлиси сифатида эътироф этилди.




