Темурхўжа Абдухолиқов: "Молиявий муаммо? Менимча айбни ўзимиздан қидиришимиз керак"

Суперлиганинг 5-тури доирасида "Бунёдкор" - "Локомотив" (2:0) учрашувидан кейин меҳмонлар ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов фикрларини билдирди.

- Иккита стандарт барчасини ҳал қилиб кетди. Иккита стандарт - иккита гол. Рақибда бошқа голли вазият ҳам бўлгани йўқ, шекилли.

- "Нефтчи"га қарши жамоа бошқача ўйин намойиш қилганди. Бугун энди умуман бошқа жамоани кўрдик.
- "Нефтчи" бизга қарши ҳужумкор ўйин намойиш қилди. Шу сабабли биз ҳам ҳужумга ўтдик. "Бунёдкор" эса ҳужумга ўтмай, фақатгина ҳимояда ўйнади ва қарши ҳужумни кутди. Шу сабабли икки жамоанинг тактикасини солиштириб бўлмайди. Иккала жамоанинг тактикаси бошқача.

- "Локомотив" мавсумни яхши бошлади. Бироқ жамоа сўнгги 4 ўйинда 4 очко тўплади. Барқарорликнинг йўқолишига нималар сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Барча жамоаларда баланд-пастлик бўлади. Кимдир мавсум бошида очко йўқотади, кимдир ўртада, кимдир йил охирида. Ким барқарор бўлса, ўша чемпион бўлади. Балки рақиблар бизга қарши бошқача тактикада ўйнаётгандир. Бизга қарши рақиблар ҳужумкор ўйнагиси келмаяпти. Ўйнашда давом этамиз, ўз ўйинимиздан уялмаймиз. Биз ҳужумда ўйнадик, ютиш учун ҳаракат қилдик.

- Бугун Ўзбекистон Кубогига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
- Рақиблар ёмон эмас. Ҳозир Суперлига ва Пролиганинг фарқи қолмади. Исталган жамоа бир-бирига бош оғриқ бўлиши мумкин. Шу сабабли Кубокда сюрпризлар кўп бўлса керак. Барча гуруҳларда кучли жамоалар бор. Ҳеч қайси жамоага осон бўлмайди.

- Пойтахт жамоаларида молиявий муаммолар кузатилмоқда. Бу жамоага таъсир ўтказмаяптими?
- Йўқ. Молиявий муаммо... Шукур қиламиз, барчаси яхши. Балки бу ҳам таъсир қилиши мумкиндир. Лекин молиявий муаммолари йўқ жамоалар ҳам ютқазиб қўйишяпти-ку. Агарда яхшилаб қидирсангиз, исталган жойдан баҳона топса бўлади. Менимча айбни ўзимиздан қидиришимиз керак. Ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади.


Manba: championat.asia