

Championat.asia сайти талқинига кўра, 7-турнинг энг яхши дарвозабони – Жавоҳир Илёсов (ОКМК)
"Андижон" билан ўйнаган ОКМК сафардан ғалаба билан қайтишида Жавоҳир Илёсовнинг ҳиссаси катта бўлди. Тажрибали посбон баҳс мобайнида 8 та сейв амалга оширди, шулардан 6 та зарбани рақиб футболчилари жарима майдони ичидан йўллашгани эътиборга молик. Championat.asia ходимлари турнинг энг яхши дарвозабонини аниқлаш жараёнида "Бунёдкор" ва "Бухоро" посбонларини ҳам тилга олишди, бироқ жамоаси ғалаба қозонгани боис 7-турнинг энг яхши дарвозабони сифатида Жавоҳир Илёсов тан олинди.

Championat.asia сайти талқинида 7-турнинг энг яхши мураббийи – Мирко Еличич ("Локомотив")
"Локомотив" якунига етган турда Самарқандда "Динамо" меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. "Темирйўлчилар" биринчи таймнинг ўзида ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишди. Ўз мухлислари қаршисида "Динамо" ўтган тур камбэк амалга оширганди, бу сафар Еличич шогирдлари бунга йўл қўйишмади. Бу тур энг яхши мураббий бўлиш учун ОКМК ва "Сўғдиёна" устозлари ҳам даъвогарлик қилишди. Бироқ, сафарда кучли рақибни мағлуб этган Мирко Еличич Championat.asia сайти талқинида тур мураббийи деб топилди.

Championat.asia сайти талқинига кўра, 7-турнинг энг яхши футболчиси – Темурхўжа Абдухолиқов ("Локомотив")
"Локомотив"нинг ушбу турдаги ғалабасини Темурхўжа Абдухолиқов номи билан боғласак бўлади. Тажрибали ҳужумчи 34 ва 40-дақиқаларда "Динамо" дарвозасига иккита гол урди, якунда айнан шу голлар "темиирйўлчилар"га ғалаба келтирди. Энг яхши футболчи бўлиш учун Люпчо Дориев ва Нодир Абдураззоқов ҳам даъвогарлик қилишди. Якунда Championat.asia сайти Темурхўжа Абдухолиқовни 7-турнинг энг яхши футболчиси дея эътироф қилди.

Championat.asia сайти талқинида 7-турнинг энг чиройли голи муаллифи – Темурхўжа Абдухолиқов ("Локомотив")
Юқорида ёзилганидек, "Локомотив" бу турда сафарда "Динамо"ни таслим қилди - 2:1. Меҳмонларнинг 34-дақиқада урган голи жуда чиройли чиқди. Ҳужум вақтида "Динамо" посбони Эдем Неманов тўпни қайтарди, бу вазиятда Темурхўжа Абдухолиқов ички ҳиссиёти билан тўп айнан қаерга боришини олдиндан сеза олди ва узоқ масофадан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Шу тариқа, 34 ёшли ўйинчи турнинг энг чиройли голи муаллифи деб топилди.




