Ўзбекистон кубоги. "Оқтепа" ва "Ҳавоканд" мураббийларининг ўйиндан кейинги фикрлари

Оқил Абдубарноев
29 мар 2026
Ўзбекистон кубоги саралаш босқичи доирасида бўлиб ўтган ва пенальтилар сериясига кўра "Ҳавоқанд" жамоасининг ғалабаси билан якунланган "Оқтепа"га қарши кескин ва муросасиз учрашувдан сўнг ҳар иккала клуб бош мураббийлари ўйин ҳақидаги фикрлари ҳамда таассуротлари билан ўртоқлашди.

Кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилган "Ҳавоқанд" жамоаси бош мураббийи Самандар Мелибоев мазкур баҳснинг нақадар мураккаб кечганини эътироф этиб ўтди: "Бугун жуда қийин ўйин ўтказдик. Ўзи ушбу мусобақада бирорта кучсиз жамоа йўқ эди. Аммо, "Оқтепа" жамоаси ушбу жамоалар ичида бизга қарши ўйнаган энг кучли рақиб бўлди. Ушбу жамоани ҳам мағлуб эта олганимиздан хурсандман".

Шунингдек, мутахассис жамоасининг мусобақанинг асосий босқичига йўл олганидан мамнунлигини ва олдинда кутиб турган жиддий синовлар ҳақида ҳам фикр билдирди: "Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал босқичига йўл олдик. Бундан жуда хурсандмиз. Ушбу мусобақада умуман бошқа даражадаги жамоаларга қарши ўйинлар бизни кутмоқда. Умид қиламанки, ушбу турнирда қатнашишга муносиб эканлигимизни исботлай оламиз".

photo_2026-03-26_22-05-33.jpg

Ўз навбатида, аламли тарзда мусобақани тарк этган "Оқтепа" клуби устози Сервер Жепаров шогирдларининг ҳаракатларига баҳо бераркан, ўйиндаги икки хил тайм ва вазиятлардан фойдаланишдаги оқсоқликлар ҳақида гапирди: "Бугун икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Иккинчи бўлим рақиб яхшироқ ҳаракат қилди. Дастлабки 45 дақиқаликда эса биз фаол бўлдик. Голли вазиятларимиз кўп бўлди. Афсуски, ёшларимиз бундан фойдалана олишмади. Аслида бу масалада Суперлига жамоаларида ҳам муаммолар борлигини кўряпмиз".

Сўзининг якунида Жепаров майдонда охиригача кураш олиб борган шогирдларига миннатдорчилик билдириб ўтди: "Йигитларга кураш учун раҳмат айтаман".

photo_2026-03-26_22-14-01.jpg


Оқил АбдубарноевMuallif
Manba: ЎзПФЛ матбуот хизмати