

Агар улар орасида Ўзбекистон бўлса ёқимли ҳислар ўн карра зиёд бўлади.
Терма жамоамиз мундиалдаги ўз иштирокини энди бошлайди. Ушбу Жаҳон чемпионатида Осиёдан 9та терма жамоа иштирок этаётган бўлса, шундан 6таси илк турни ўтказиб бўлди. Натижалар ҳавас қиларли даражада.
Жанубий Корея - Чехия 2:1
Қатар - Швейцария 1:1
Австралия - Туркия 2:0
Нидерландия - Япония 2:2
Саудия Арабистони - Уругвай 1:1
Эрон - Янги Зеландия 2:2
17 июнь. 03:00. Ироқ - Норвегия
17 июнь. 09:00. Австрия - Иордания
18 июнь. 07:00. Ўзбекистон - Колумбия
Жанубий Корея гуруҳнинг биринчи ўйинида Чехияни мағлуб этди. Шунингдек, Австралия Туркиядан 2:0 ҳисобида устун келди. Қолган тўртта ўйинда дуранг қайд этилди. Қатар Швейцария билан, Саудия Арабистони Уругвай билан 1:1 ўйнади. Япония биз билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб зўрға ютган Нидерландияга қарши 2:2 ҳисобини қайд этди. Осиёнинг яна бир вакили Эрон ҳам илк турни 2:2 ҳисобида якунлади. Шундай қилиб қитъамиз жамоалари дастлабки олтита учрашувни 10 очко билан тугатишди. Буни бемалол яхши кўрсаткич деса бўлади.

Олдинда Осиё жамоалари иштирокида биринчи турнинг яна учта баҳси қолди. Ироқ Норвегия билан куч синашса, Иордания Австрияга қарши майдонга тушади. Ўзбекистон терма жамоаси илк турни охирги бўлиб ўтказади ва Колумбияга қарши баҳс олиб боради.
Осиё жамоалари мундиалда қанча яхши ўйин кўрсатса, кейинги мусобақалар учун ажратиладиган квоталарга таъсир қилади. Ушбу мусобақада бунинг бемалол имкони бор деб ўйлаймиз. Ўйинлар шундай бўляптики, исталган жамоа исталган жамоага жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин. Ҳеч бир жамоа учун ғалаба қозониш осон бўлмайди, чунки ҳозир ҳамма футбол ўйнашни билади. Осиё жамоалари сенсация қайд этиши мумкинми? Мумкин. Чунки бизнинг қитъада ҳам бошқалардан қолишмайдиган жамоалар бор.
Эндиликда қитъамиз жамоалари ҳам Осиё футболи рейтинги, ҳам ўз манфаатлари учун кураш олиб боради. Бунда ўзаро кўринмас рақобат кечишини ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Эндиликда кимўзарга кураш кечади, ҳамма бир-бирини кузатиб боради, ким яхшироқ натижа қайд этиши устида баҳс боради. Осиёдан қатнашаётган 9та жамоани ўзаро таққослайдиган бўлсак, яққол ажралиб турган кучли жамоа йўқ. Тўғри, Жанубий Корея ва Австралиянинг илк турдаги ғалабаси бошқаларга нисбатан кучлироқ кўриниши мумкин, аммо ҳали олдинда иккинчи-учинчи турлар борлигини унутмайлик.

Ўз навбатида бизни қизиқтираётган Осиё жамоалари биргаликда қандай натижа кўрсатиши бирламчи савол бўлса, иккинчи савол ўзаро кўринмас рақобатда ким энг юқорида бўлади? Яъни, қитъамиздан энг яхши натижани мундиал давомида қайси жамоа кўрсатади? Ҳозирдан тахмин қилиш бироз мушкул ва бунинг учун камида иккита тур бўлиб ўтиши керак бўлади.
Х.Холиқов.



