

“А” гуруҳи
Очилиш баҳсида энг кўп муҳокама 16 йил аввалги мундиалнинг илк ўйини ҳамда Ўзбекистон давлат байроғи чиқишига қаратилган бўлса-да, учрашув қизиқарли ўтди.
Мексикаликлар шиддат билан бошлади ва ЖАР ўйинида камчиликлар борлиги яққол кўринди. Киньонес ҳамда Хименеснинг голлари мезбонларга дастлабки ўйинда ғалаба келтирди.
Юқорида санаганларимиздан бошқа эътиборли жиҳатлар ҳам кўп бўлди. Хусусан, бош ҳакамнинг инглизча талаффузи, бир ўйинда учта қизил карточка кўрсатилиши ҳамда Мексиканинг нохуш анъанасини бузиши. Мана шуларнинг ўзи, жорий мундиал зерикарли бўлмаслигини таъминлади.
Гуруҳдаги иккинчи ўйин эса муҳокамаларни янада оширди. Чехия ҳисобда олдинда бора туриб, Жанубий Кореяга имкониятни бой бериши қизиқ фактни бошлаб берди. Бу ҳақда кейинроқ ҳам тўхталамиз.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

“B” гуруҳи
Иккала баҳс ҳам бир хил ҳисобда якунланди. Гуруҳдаги вазият, худди, жамоалар ўйин ўтказишидан аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича турибди.
Канада мезбон сифатида Босния билан дуранг ўйнаган бўлса, Қатар сўнгги дақиқаларда гол уриб, Швецарияга “бош оғриқ” бўлди.
Гуруҳ фаворитию, аутсайдери кимлиги ҳақидаги мақом ҳозирча ўхшамаяпти, ҳамма тенгдек. Бироқ “жўжа” Калифорнья ва Ванкуверда “саналади”.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

“С” гуруҳи
Шотландия дебютант Гаитини минимал ҳисобда мағлуб этди. Эҳтимол, бу баҳсда мухлислар британияликлардан яхшироқ натижа кутгандир, аммо, ҳозирча мазкур гуруҳда йирик ҳисоб кўрмадик.
Бразилия эса ЖЧ-2022 ёқимтойи Марокашни енга олмади. Юлдузли ҳужум чизиғига эга терма жамоа кўплаб ҳужум уюштириб, атиги битта гол ура билди. Беш карра ЖЧ ғолибларининг старти кўнгилдагидек бўлмагандир, аммо Африка чемпионлари ўзлари истагандек мундиални бошлашгани катта эҳтимол.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

“D” гуруҳи
АҚШ ўз мухлисларини, кўп эҳтимол, ҳақиқий футбол нима эканига ўргатишга бел боғлаган кўринади. Нега? Терма жамоа мундиалларда яхши қатнашадиган Парагвайни йирик ҳисобда таслим этди.
Қизиқарли кечган баҳсда мусобақа мезбонлари рақибларига имконият қолдирмади.
Австралия эса Туркияни мағлуб этди, бу сенсациями? Қайси томондан қарашга боғлиқ. ОФКга аъзо терма жамоа Европа жамоаси ҳисобланган Туркияни кутилмаганда мағлуб этдими ёки Гюлер, Чалхонўғлу каби етакчилари бор терма жамоанинг Австралияга кучи етмадими?
Ҳар ким ўзи учун хулоса чиқариб олади. Ўйин эса битта нарсани кўрсатди: Туркия рақиб қарши ҳужумларига нисбатан яхшироқ тайёргарлик кўриши керак, Австралия фойдали иш коэффициенти бўйича футболда ҳам илғорлигини кўрсатмоқда.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

“E” гуруҳи
Кюрасао ЖЧ-2014 даги Бразилияга ўхшаб ўйнади Германия билан. Бу учрашувга бошқа тўхталмаймиз.
Кот-д’Ивуар эса Эквадор билан муносиб жанг қилди. Класс ўз сўзини айтаётган ҳозирги футболда МЮ футболчиси натижани таъминлай олди.
Ҳали бу гуруҳда 3-ўрин учун кураш анча қизийди.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

“F” гуруҳи
Швеция Германиядан илҳом олган, шекилли, Африканинг боқша бир терма жамоасини ҳам аяб ўтирмади. Гёкереш етакчилигидаги жамоа Тунисга беш тўп киритиб, битта жавоб олди. Бу каби йирик ҳисоб ҳали пешқадамликка интилаётганда керак бўлади жамоага. Тунис эса ўз имкониятларини пасайтириб юборди.
Ўзбекистон МТЖ Нидерландия билан ўртоқлик баҳсида чиндан ҳам зўр ўйин кўрсатганини бугунга келиб янада яхши англади кўпчилик. Яъни, ўртоқлик мақоми бўлса-да, аслида, Куман шогирдлари ўз даражасида ўйнади десак, нотўғри бўлмас?
Японияга қарши баҳсда икки марта ҳам ҳисобда олдинда бориб, охирида барибир қўйиб юборишди.
Биринчи ўйинлардан сўнг гуруҳда вазият қуйидагича:

Энди эса энг юқорида – Корея ҳақида фикрлашганимизда ёзганимизга қайтамиз: мазкур олтита гуруҳда ҳали Осиё терма жамоалари мағлуб бўлмади.
Ниятимиз – ушбу анъана тур охирига қадар давом этсин. ЖЧ охирига қадар десак, катта гапирган бўламиз. Саломат бўлинг.
"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул"
Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ



