"Манчестер Сити" футболчисининг уйи ЕЧЛ ўйини вақтида талон-торож қилинди

Sherzod Nurmatov
2 фев 2026
Нохуш ҳодиса "Манчестер Сити" ҳимоячиси Рубен Диаш билан содир бўлди.

Португалиялик футболчининг уйи у Чемпионлар Лигасининг умумий босқичи 8-тури доирасида "Галатасарой"га қарши ўйинда иштирок этаётган пайтда ўмариб кетилди. Учрашув инглиз жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Британ ОАВ маълумотларига кўра, ўғрилик пайтида Диаш ўйинда, унинг қиз ўртоғи, машҳур телебошловчи Майя Жама эса Жанубий Африкада телелойиҳа суратга олиш ишларида бўлган.

Жиноятчилар футболчининг Олдерли Эдж туманида жойлашган ҳашаматли уйига кириб, заргарлик буюмлари, электроника, бренд кийим-кечак ва бошқа қимматбаҳо ашёларни олиб кетишган. Етказилган зарар ҳажми ҳозирча ошкор қилинмаган.

Уйга бостириб кириш фактини маҳаллий полиция вакиллари тасдиқлади. Ҳозирча ҳеч ким қўлга олинмаган, гумонланувчиларнинг шахси аниқланмаган. Тергов ишлари давом этмоқда.

Рубен Диаш жорий мавсум "Манчестер Сити" ҳимоясининг асосий фигураси бўлиб қолмоқда. У барча мусобақаларда 25 ўйин ўтказиб, 2 та гол урган ва жамоанинг энг барқарор футболчиларидан бири ҳисобланади.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: ESPN