"Уйга 6 ой пул олиб кирмасангиз, оила қандай кун кўради? — "Бунёдкор" футболчиси "Пахтакор" билан ўйиндан сўнг "ёрилди"

Iskandarov Abdulaziz
27 июл 2026, 11:10
Кеча Суперлиганинг навбатдаги тур учрашувларига старт берилди.

Турни Тошкент дербиси, яъни "Бунёдкор" — "Пахтакор" учрашуви бошлаб берди. Муросасиз кечган беллашувда омад "шерлар"га кулиб боқди (1:0). Ўйиндан сўнг "Бунёдкор" ярим ҳимоячиси Билолхон Тошмирзаев нима етишмаётгани, клубдаги ички вазият ва муаммолар ҳақида очиқчасига гапирди.

"Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман, ҳақиқатдан ҳам яхши жамоа. Ўйиндан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ёмон ўйнаганимиз йўқ. Ғалаба қозониб кетишимиз ҳам мумкин эди. Вазиятларимиз бўлди. Рақиб ўз имкониятидан фойдаланиб гол урди, биз эса йўқ.

Мағлубиятга келадиган бўлсак, йигитларда барибир руҳий тушкунлик бор. 6 ойдан бери маош олаётганимиз йўқ. Йил бошидан бери пул олмадик. Футболчилар шунга қарамасдан меҳнат қилишяпти", — дейди Билолхон Тошмирзаев.

— Клубдаги шароитлар, хусусан, "Насаф" билан ўйиндан олдин электр энергияси, энди эса сув йўқлиги айтилмоқда. Бундай шароитда жамоа қандай тайёргарлик кўряпти?

Базамизда 2 ойдан бери сув йўқ, буни ҳеч ким билмайди. 1-2 маротаба айтдик, ҳеч ким эътибор қаратмаганидан кейин қайта-қайта гапиравермайсизку.

— Ҳозирги ҳолатда кейинги ўйиндан нима кутиш мумкин? Муаммолар ички муҳитга таъсир қилмаяптими?

— Кейинги ўйинларда ғалаба учун курашамиз. Бу — футбол, биз шу соҳани танлаганмиз. Молиявий муаммолар ички муҳитга таъсир қилмаяпти. Лекин ҳамманинг оиласи бор. Уйга 6 ой пул олиб кирмасангиз, оила қандай кун кўради? Раҳбарият ҳамма шароитни кўриб турибди. Улар ҳам қўлидан келганини қилишяпти, кўрамиз, нима бўлар экан.

Маълумот учун, "Бунёдкор" навбатдаги учрашувини 2 август куни меҳмонда "Қизилқум"га қарши ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›