

Шу куни "қалдирғочлар" таркибида Билолхон Тошмирзаев хет-трик муаллифига айланиб, ўйин қаҳрамони бўлди.
Биз футболчи билан жамоадаги муҳит, бош мураббий Илёс Зейтуллаевнинг талаблари ҳамда ушбу муваффақият ҳақида суҳбатлашдик.
— "Сўғдиёна" га қарши ўйиндан қандай таассуротлар билан қолдингиз?
— Ўйин жуда қизиқарли, курашларга бой ва томошабоп ўтди. Учрашув якунида менда жуда яхши таассуротлар қолди. Қолаверса, учта гол уриб, жамоамга ёрдам бера олганимдан хурсандман.
— Фаолиятингиздаги илк хет-трикни расмийлаштирдингиз. Бу муваффақият ҳақида қандай фикрдасиз?
— Албатта, бу фаолиятимдаги илк хет-трик эди. Бу мен учун жуда катта мотивация. Келгусида ҳам голлар уришда давом этиш ва янада юқори натижаларга эришиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.
— Учинчи гол 12 та пасдан кейин амалга оширилди. Бу мураббийнинг тактик кўрсатмасими ёки рақибнинг бўш зона қолдирганидан фойдаланишми?
— Жуда чиройли гол бўлди, мен ҳам видеотакрорларни томоша қилдим. Буни бемалол мураббийимизнинг имзоси деб айта оламан. Машғулотларда айнан шундай ҳужумкор ва комбинацион услублар устида тинимсиз ишлаймиз.
— "Бунёдкор" айни дамда қийин вазиятда бўлишига қарамай, ўйин сифати борасида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бу нима билан боғлиқ?
— Тўғри, ҳозир қийин аҳволда эканимиз рост. Аммо бош мураббийимиз ўз мотивацияси ва ишончи билан бизни бирлаштириб, олға етакламоқда. Шу кунгача бўлган натижалар шунинг самараси. Буёғига нима бўлишини эса вақт кўрсатади (кулади).
— Қишки трансферлар ойнасида "Бунёдкор" сафига келиб қўшилдингиз. Ўтган уч ойдан ортиқ вақт мобайнида бош мураббий Илёс Зейтуллаевнинг иш услуби ва жамоадаги муҳит ҳақида қандай хулосаларга келдингиз?
— Жамоага мослашиш дастлаб бироз қийин кечди, ҳозир эса тўлиқ киришиб кетяпман. Жамоадаги муҳит жуда аъло даражада. Мураббий эса мутлақо бошқача дунёга эга. Унинг ҳаракатлари, машғулот ўтказиш ва ишлаш услуби менга жуда маъқул келмоқда.



