“Трактор” футболчиси: “Нефтчи” меҳнаткаш ва ҳаракатчан жамоа, ўйинни юқори босим билан бошлашга ҳаракат қиламиз”

1 ноя 2026, 23:32
Эроннинг “Трактор” клуби ярим ҳимоячиси Меҳди Ширий Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 4-туридан ўрин олган “Нефтчи”га қарши учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.

Футболчи жамоа бош мураббийи Жавод Некунам билан биргаликда ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этиб, Фарғона клубини юқори баҳолади.

“Бизни “Нефтчи”га қарши жуда қийин ва мураккаб ўйин кутмоқда. Рақиб ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Умид қиламанки, бор кучимиз ва диққатимизни жамлаган ҳолда майдонга тушиб, керакли натижага эришамиз”, – деди Ширий.

Шунингдек, ярим ҳимоячи Эрон клубларининг халқаро мусобақалардаги шароитлари ва учрашувларни нейтрал майдонларда ўтказишга мажбур бўлаётгани ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Аввало, шуни айтишим керакки, агар бу йилги учрашувларни ўз мамлакатимизда қабул қилганимизда, шароитимиз анча яхши бўларди.

Осиё Чемпионлар лигаси Элит турниридаги ўйинлар жуда муҳим. Бу мусобақада камроқ хато қиладиган ва юқори концентрацияни сақлай оладиган жамоа муваффақиятга эришади.

“Нефтчи” меҳнаткаш ва майдонда кўп ҳаракат қиладиган жамоа. Биз ҳам биринчи дақиқаларданоқ юқори босим ўтказиш учун бор кучимизни ишга соламиз”, – деди футболчи.

Ширий “Ал-Айн”га қарши учрашув ва Форс кўрфази мамлакатлари клублари билан рақобат ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Ал-Айн”га қарши ўйин биз учун энг қийин баҳслардан бири бўлди. Рақиб таркибида юқори савияли футболчилар бор, ўз стадионида эса кучли муҳит яратилган эди.

Форс кўрфази мамлакатлари клублари катта маблағ сарфлаб, сифатли футболчиларни жалб қилмоқда. Шу сабабли Эрон клублари учун уларга қарши ўйнаш тобора қийинлашмоқда. Ҳозирда БАА ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари клублари билан Эрон жамоалари ўртасидаги савия фарқи ортиб бормоқда”, – деди Ширий.

Футболчи узоқ сафарлар билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам таъкидлаб, “Трактор” ўз майдонида ўйнаш имкониятига эга бўлганида, жамоанинг ҳолати анча яхши бўлишини билдирди.

Маълумот учун, “Трактор” ва “Нефтчи” ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 4-тур учрашуви 2 ноябрь куни Уммон пойтахти Маскатдаги “Султон Қобус” спорт мажмуасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›