

Мутахассис матбуот анжуманида жамоасининг мусобақада иштирок этиши учун яратилган шароитлардан норози эканини таъкидлади.
“Ҳар бир ўйин олдидан жиддий қийинчиликларга дуч келяпмиз. Эртага ҳам бизни мураккаб учрашув кутмоқда. Бор эътиборимизни шу баҳсга қаратганмиз. Умид қиламанки, юқори концентрация ва сифатли ўйин орқали муваффақиятга эришамиз.
Жамоамиз учун юзага келган шароитлар идеал эмас. Бизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти. Шу сабабли жуда қийин вазиятни бошдан кечиряпмиз”, – деди Некунам.
Шунингдек, “Трактор” устози Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг кейинги босқичига чиқиш имкониятлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Осиё футболининг бу даражасида осон ўйин йўқ, барча жамоалар кучли. Мамлакатимизда футболчилар билан боғлиқ амалдаги қоидалар Эрон клубларининг имкониятларини чекламоқда. Рақибларимиз эса ушбу мусобақада юқори савияли футболчилар ва бор эътиборини ўйинга қаратган ҳолда иштирок этмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз – имкониятларимиз даражасидаги энг яхши ўйинни намойиш этиш. Бироқ бу мавсумда Элит ОЧЛ биз учун биринчи даражали мусобақа эмас.
Албатта, яхши натижалар қайд этиб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Аммо бу йилги молиявий ҳолатимиз ва футболчилар билан боғлиқ вазиятни инобатга олсак, асосий эътиборимизни Эрон чемпионатида муваффақият қозонишга қаратганмиз”, – деди мураббий.
Маълумот учун, “Трактор” ва “Нефтчи” ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 4-тур учрашуви 2 ноябрь куни Уммон пойтахти Маскатдаги “Султон Қобус” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.



