

❌ "Нефтчи" – "Сўғдиёна"
"Нефтчи" футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда, дарвозабонга яқин ва тўпнинг ҳаракатланиш йўналишида турган эди. Ушбу ҳолатда у эпизодга очиқ-ойдин таъсир ўтказиб, дарвозабонга халақит берган, деб ҳисоблаймиз. Бизнингча, тўғри қарор – ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилиб, голнинг бекор қилинишидир.
✅ "Нефтчи" – "Сўғдиёна"
"Сўғдиёна" ўйинчиси подкат эмас, балки ҳаддан ташқари куч ишлатган ҳолда сакрашни амалга оширмоқда ва бунда рақибининг болдир мушаги қисмига бутсасининг тишлари билан юқоридан зарба бермоқда. Тўғри қарор – қўпол қоидабузарлик учун қизил карточка.
✅ "Нефтчи" – "Сўғдиёна"
Мавжуд ракурслардан келиб чиқиб, "Нефтчи" ҳужумчиси тўпга қўли билан тегмаган ва гол тўғри ҳисобга олинган деб ҳисоблаймиз. Ҳакам хато қилганлигини исботловчи яққол далиллар йўқ.
✅ "Қўқон-1912" – "Бухоро"
VAR билан ҳамфикрмиз. "Бухоро" ҳимоячиси қўли билан қасддан ҳаракат қилиб, рақибининг юзига зарба берган. Тўғри қарор – пенальти ва қўпол ўйин учун сариқ карточка.
✅ "Қўқон-1912" – "Бухоро"
Майдондаги ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз. "Бухоро" ўйинчиси позицияни бой берган ва рақибини футболкасидан тортиб ушлаб қолган. Қоидабузарлик содир этилган вақтда, қисқа вақт ичида тўп "Қўқон-1912" ўйинчисида бўлиши аниқ эди. Тўп чизиғи ортида фақат бир нафар "Бухоро" футболчиси ва дарвозабон қолганди, бу эса мазкур ҳужумни хавфли деб ҳисоблашимизга асос бўлади. Хавфли ҳужумни барбод қилганлиги учун сариқ карточка.
✅ "Андижон" – "Хоразм"
Бизнинг фикримизча, "Хоразм" дарвозабони биринчи бўлиб тўпга ўйнаган, шундан сўнг тўқнашув содир бўлган. Биз учун бу аниқ пенальти эмас, ҳакам ҳужумда қоида бузилганлигини тўғри қайд этган.
✅ "Динамо" – "Пахтакор"
Қизиқарли вазият, бироқ ҳакам уни тўғри баҳолади. Тўп майдонни тарк этган ва биринчиси олиб ташланмагунча, бошқа тўпни ўйинга киритмаслик керак эди, зеро у ўйинчига ("Пахтакор" дарвозабонига) халақит бераётганди. Бу ерда нафақат қоидалар, балки "ўйин руҳияти" ҳам ўз кучига эга. Адолат бузилгани учун футбол бундай голларга мутлақо қарши.
✅ "Динамо" – "Пахтакор"
"Пахтакор" дарвозабони рақиб билан тўқнашиб кетишидан олдин ҳакам такрорий лавҳани кўриш орқали ҳужумчининг қўл билан ўйнаганини аниқлади ва шундан сўнг ҳимояланаётган жамоа фойдасига жарима тўпини белгилаб, мутлақо адолатли қарор чиқарди.
✅ "Сурхон" – ОКМК
Ҳакам мураккаб вазиятда жуда яхши қарор қабул қилди. Биринчидан, оёққа берилган зарбани кўрди ва иккинчидан, қоидабузарлик содир этилган жойни тўғри аниқлади. Бизнинг фикримизча, тўғри қарор – рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилганлиги учун "Сурхон" ҳимоячисига қизил карточка ва қоидабузарлик жарима майдончаси ташқарисида бўлганлиги сабабли жарима тўпи белгилаш.
✅ "Локомотив" – "Бунёдкор"
Агар "Локомотив" ҳимоячиси қўли билан қўшимча ҳаракат қилмаганида эди, муваффақиятли блокдан сўнг ҳакам пенальти белгиламаган бўларди. Аммо тўп томон қўл билан қилинган ҳаракатни алоҳида эпизод сифатида баҳолаймиз ва ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз – пенальти.
Шу тариқа, Суперлиганинг 19-тури доирасидаги учрашувларда ҳакамлар фақат битта қўпол хатога йўл қўйишган.



