

Сурия нашрларининг таҳлилига кўра, испаниялик бош мураббий Хосе Лана Иорданияга қарши ўтган ўйиндан бутунлай фарқли равишда 5-3-2 тактикасини қўллаган. У ҳимоячилар Холид Курдоғли ва Закария Ҳаннан, шунингдек, ярим ҳимоячи Анмар Иброҳимни захирада қолдириб, Йоҳаннес Дунҳоуни илк бор асосий таркибда майдонга туширди. Бироқ бу янгича услуб жамоага фойда келтирмади: биринчи бўлимда Сурия терма жамоаси тўлиқ ҳимояланишга мажбур бўлди ва фақатгина Маҳмуд Ал-Асваднинг ҳаракатлари орқали хавф туғдиришга уринди.
Учрашувнинг 27-дақиқасида ва биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Сурия ҳимоясидаги қўпол хатолардан унумли фойдаланиб, иккита тўп киритишга муваффақ бўлишди. Иккинчи бўлим бошида (49-дақиқа) қанотдан узатилган тўпни мезбонлар ҳужумчиси бош билан дарвозага жойлаб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Ал-Ҳаллоқ, Ал-Мавас ва Умар Ас-Соманинг майдонга тушиши Суриянинг ҳужумкорлигини бироз оширган бўлса-да, 90-дақиқада Ўзбекистон тўртинчи голни урди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Маҳмуд Ал-Мавас қайтган тўпни дарвозага йўллаб, Суриянинг таскин берувчи ягона голига муаллифлик қилди.
Сурия ОАВлари йирик мағлубиятнинг асосий сабабкори сифатида бош мураббийни кўрсатиш билан бирга, учрашув ҳакамини энг ёмон иштирокчи сифатида кескин танқид қилмоқда. Журналистларнинг иддао қилишича, ҳакам Суриянинг фойдасига иккита яққол пенальтини белгиламаган ва Ўзбекистоннинг тўртинчи голи очиқчасига офсайд ҳолатидан киритилган. Шундай бўлса-да, маҳаллий нашрлар мураббийнинг янги футболчиларни синаб кўриш ҳуқуқини эътироф этиб, жамоа ушбу омадсиз ўйиндан тўғри хулоса чиқаришига умид билдирган.



