"Сити"нинг собиқ раҳбари: "Шаҳарликлар”га пул жаримасининг ўзи етарли эмас, афсуски, янада кескинроқ чора керак"

26 сен 2026, 20:51
1998–2003 йилларда "Манчестер Сити" раиси ва 2011–2013 йилларда Англия футбол ассоциацияси (FA) раҳбари бўлган Дэвид Бернштейн "шаҳарликлар"нинг молиявий қоидабузарликлари бўйича қарорга муносабат билдирди.

Жума куни "шаҳарликлар" АПЛнинг молиявий қоидаларини бузиш бўйича қўйилган айбловларнинг деярли барчасида — биттасидан ташқари — айбдор деб топилгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февралида АПЛ "Манчестер Сити"ни 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда молиявий қоидаларни 115 хил усулда бузганликда айблаган эди. Кейинчалик The Times газети гап 115 эмас, балки 130 та қоидабузарлик ҳақида кетаётганини хабар қилди: Премьер-лига айбловларни эълон қилган илк пайтда айрим қоидалар бўйича чалкашлик юзага келган эди.

— Кеча ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, шок ҳолатида эдим. Менимча, сиз мени кўрсатувга "Сити" ва Футбол ассоциацияси директорлар кенгаши раиси бўлганим учун таклиф қилдингиз, лекин аслида мен шунчаки 70 йиллик тажрибага эга "Манчестер Сити" мухлисиман.

Бу шунчаки даҳшат. Ушбу муваффақиятли давр мен раислик қилган унчалик омадли бўлмаган йиллардан сўнг келди. Ўйлайманки, мен клубга жуда оғир вазиятдан чиқишга ва ривожланиш йўлига тушиб олишга ёрдам берганман. Аммо буларнинг барчаси доғда қолганини кўриш жуда аламли. Клубни ҳам яхши, ҳам ёмон кунларда қўллаб-қувватлаган ажойиб мухлисларга айниқса ачинаман. Ўйлашимча, бу Манчестернинг мовий қисми мухлислари учун жуда оғир кун.

Қандай жазо адолатли бўлиши ҳақида

— Биринчи навбатда, менинг фикримча, ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлиши жуда муҳим. Бутун бу жараён ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетди. Шундай экан, апелляцияни имкон қадар тезроқ топшириш керак, чунки... клуб тепасида шундоқ ҳам кўнгилсизликлар соя солиб турибди, бундай бўлмаслиги керак. Апелляция йиллаб чўзилиши мумкин эмас, бу фалокат бўларди. Нафақат ушбу муайян ҳолатда, балки умуман Англия футболида. Вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Жазо қандай бўлишини айта олмайман. Агар апелляциядан сўнг улар 115 та банд бўйича айбдор деб топилса, севимли клубимни жуда шафқатсиз жазо кутмоқда. Мен фақат шуни айтган бўлардимки, пул жаримасининг ўзи етарли эмас, афсуски, янада кескинроқ нарса керак, — деди Бернштейн Times Radio’га берган интервьюсида.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: The Guardian

Сўнгги янгиликлар

Барча ›