Шавкат Мирзиёев: "34 йил давомида Ўзбекистон ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига чиқмаган, чунки орзуга асос бўлмаган"

Sherzod Nurmatov
4 май 2026, 14:10
28 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятидаги Футбол ассоциацияси маркази ва “Нефтчи” болалар футбол академиясида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Давлат раҳбари академия тарбияланувчилари билан суҳбатда футболни ривожлантириш учун адолатли саралаш, замонавий шароитлар ва билимга асосланган тайёргарлик зарурлигини таъкидлади.

“34 йил давомида Ўзбекистон ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига чиқмаган, чунки орзуга асос бўлмаган. Авваламбор, мен биринчи келганимдан адолат ўрнатамиз, дедим. Адолат дегани, Абдуқодир Ҳусановга ўхшаган болалар кўп ўзи дунёда. Лекин уларни билиб-билмасдан чеккага суриб қўйиш, таниш-билишчилик ва ҳоказо бизга манфаат бермади”, – деди Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Менимча” дастурида.

2.jpg

Президентнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик ёш футболчиларни хорижда диққат билан кузатиб боришмоқда.

“Дунё Ўзбекистон футболчи ёшларига қараб турибди, лупада қараб турибди. Ҳар бирларингнинг ҳаракатларингни манаман деган катта-катта компаниялар, давлатлар, жумладан, Араб Амирликларининг клублари ҳар куни қарайди.

Шунинг учун бугун ҳам сизларни, мана шундай шароитларни кўриб, шуни тушунаманки, барибир шароит ва имконият бўлмаса, фақат футболда эмас, бошқа бирорта спорт турида ривожланиб бўлмасди”, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистонда футболни кўпчилик севишини, бироқ бу спорт турига фақат муҳаббатнинг ўзи етарли эмаслигини қайд этди.

“Ёшлигимизда оёғимиздан тирноғимиз чиқиб, қон чиқиб, чироқларсиз, шароитларсиз ўйнардик. У бошқа замон эди. Лекин шу замонларни кўрган одам сифатида сизларга ҳамма шароит яратиб беряпман. Сизлар эса замонга муносиб бўлиб, ҳаракат қилиб, илм асосида тарбияланишингиз керак. Ана шунда чора-тадбирлар зўр бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

3.jpg

“Нефтчи” болалар футбол академияси 4,5 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлиб, 150 нафардан зиёд тарбияланувчини ўқитишга мўлжалланган. Унинг ҳудудида олтита футбол майдони, шунингдек, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия бўлими фаолият кўрсатмоқда.

Бу ерда 1,1 млн доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобига сунъий қопламали ва ҳаво гумбазли ёпиқ футбол манежи қурилган.

Ўйинчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш учун академияга УEФА инструктори ва бошқа хорижий мутахассислар жалб этилган.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Gazeta.uz