Сергей Токов: "Қувноқ ўйин бўлди"

14 авг 2026, 23:35
Суперлиганинг 17-тури доирасида "Динамо" - "Хоразм" учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Сергей Токов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ҳаммага салом. Ўйин қувноқ, кескин курашларга бой бўлди. Ўйлайманки, мухлисларга ҳам ёқди, чунки кўп ҳужумлар, кўп курашлар бўлди. Натижани адолатли деб ҳисоблайман. Бугунги ўйинда ютқазишимиз ҳам, ютишимиз ҳам мумкин эди. Вазиятлар бўлди. Биринчи бўлим бошида гол уриш учун жуда яхши вазиятларимиз бўлганди. Аммо бу футбол.

- “Динамо”дан Хоразмга ўтган Улуғбек Ҳошимовнинг ўйини ҳақида.

- Бугун, билмадим, балки ҳаяжон таъсир қилгандир. Собиқ жамоасига қарши ўйинга ҳаддан ташқари кўп хиссиётларга берилгандир. Бугун ҳужумда унинг ўйини бироз ўхшамади. Демак, кейинги ўйинда ўхшайди.

- “Хоразм” узоқ вақт катта футболдан йироқда эди. Мана энди жамоа жуда яхши футбол ўйнамоқда. Ўртамиёналардан юқорида ўйнаяпти, тўпга эгалик қиляпти ва жамоада жуда сифатли легионерлар пайдо бўлди. Бугун кўрдим, жамоада хорижлик жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ҳам бор экан, тўғрими? Айтиш мумкинки, Хоразмга клуб раҳбарияти жуда жиддий қараяпти, шундайми?

- Ҳа, раҳбариятга катта раҳмат, улар бизни қўллаб-қувватлашяпти. Биз ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Шунинг учун хорижлик мутахассисларни таклиф қилдик. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ва физиотерапевт, реабилитолог. Чунки бизда, Ўзбекистон бозорида, афсуски, бу борада бироз қийин. Булар муҳим жиҳатлар, жамоада жисмоний тайёргарликни таъминлайдиган ва жароҳатлардан сўнг ўйинчиларни тиклайдиган муҳим мураббийлар. Шунинг учун вилоят раҳбариятига бизга шундай мураббийларни жалб қилиш имкониятини берганлари учун раҳмат. Легионерларга келсак, ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, ҳар доим ҳам хоҳлаган нарсамиз амалга ошавермайди. Икки легионерни қўйиб юбордик, уларнинг ўрнига бошқа иккитасини олдик. Улар ҳали ўйинда иштирок этишмади, ҳужумчилар фақат Урганчда машғулот ўтказишяпти. Улар жамоага фойда келтиради деб умид қиламиз.

- Ҳозир Ўзбекистон футболида, одатда биз биламизки, россиялик, МДҲ давлатларидан мураббийлар келиб, кўплаб жамоаларда ишлашган. Аммо ҳозир Ўзбекистон футболида бир гуруҳ ёш мураббийлар, сизнинг тенгдошларингиз пайдо бўлди. Кўпчилик клубларни шундай ёш мураббийлар бошқаряпти. Сиз, Тимур Кападзе, Ислом Исмоилов, Анвар Ғофуров. Бу нима билан боғлиқ, нима деб ўйлайсиз?

- Бу қачондир содир бўлиши керак эди. Чунки, футбол бир пайтлар бир жойда қотиб қолганди. Ҳозир эса сиз айтган ёш мутахассислар ривожланяпти, ўрганяпти, ўсяпти. Ўйлайманки, ёшларга кузатиш ва ривожланиш осонроқ. Катта ёшдаги одамга кўпинча қайта мослашиш қийин, футбол эса бир жойда турмайди, ривожланади. Ўйлайманки, бу шунга боғлиқки, ёш мураббийлар ҳозир, эҳтимол, замон билан, футбол талаблари билан ҳамқадам бўлишяпти. Улар замонавий футбол талабларига осонроқ ва яхшироқ мослашишяпти.

- Ўйиндан олдин жамоани қанчалик ўргандингиз? Мутахассис сифатида фикрингизни билмоқчи эдим. Рақиб жамоа, яъни “Динамо”нинг қандай минус ва плюслари бор?

- Албатта, биз рақибни ўргандик, бу биринчи ўйинимиз эмас, биринчи даврада ҳам улар билан ўйнаганмиз. Ўйин услуби ўзгармаган. “Динамо” - ўйинчилар танлови бўйича жуда сифатли жамоа. Улар тўп билан жуда яхши ишлайди, тўпни назорат қилишни яхши кўради. Биз эса биринчи бўлимда прессинг қўллашга ҳаракат қилдик ва прессинг ўз самарасини берди, биз гол урдик. Кейин, минуслар ҳақида мен буни муҳокама қилмасам керак. Бу мураббийлик этикаси. Ўйлайманки, бу ҳақда “Динамо” мураббийининг ўзи гапиради. Лекин биз ҳаракат қилдик, ҳа. Албатта, нимадир ўхшамади, хоҳлаган, режалаштирган ҳамма нарсамиз ҳам амалга ошмади. Аммо секин-аста олдинга ҳаракат қиламиз. Раҳмат.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia