

- Авваламбор ассалому алайкум. Учрашувга келадиган бўлсак, кучли рақибга қарши ўйнадик. Нимага унақа деяпман? Чунки уч-тўрт йилдан бери бу жамоа бирга. Бир-бирини тушуниш, бир-бирини ҳис қилиш бизга нисбатан сал юқорироқ. Нимага? Чунки барибир бизнинг болалар ҳали ёш, лекин жуда катта тажриба орттиришмоқда. Ўйинга келадиган бўлсак, голгача ўйин бўлди. Бугун битта хато ва гол ўтказиб юбордик. Ўтказиб юборгандан кейин ўзимизда куч топа олмадик. “Олимпик-Mobiuz” жамоасини ғалаба билан табриклайман.
- Зайнитдин ака, бугун охирги ўйинларга солиштирганда, “Ғазалкент” футболчиларининг кўзида олов камроқдек кўринди. Одатда бу ёш йигитлар доим, деярли ҳамма ўйинга кўзлари ёниб тушарди. Бугун ўша нарса сал етишмагандек туюлди четдан қараганда.
- Йўқ, четдан қараганда эмас, бу бор нарса. Ўйиндан олдин ҳам бемалол ўйнанглар, қўрқманглар, ўйинларингни кўрсатинглар, деб ҳам айтилди. Ҳамма нарса бўлди. Барибир булар ёш бола. Барқарорлик буларда ҳали бўлмайди. Битта ўйинни яхши ўйнайди, кейингисида унчалик эмас. Лекин асос бор. Худо хоҳласа, буларнинг ҳаммасини тахлил қилиб, кейинги ўйинга тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

- Жароҳатлар борасида сўрамоқчи эдим. Лазиз Мирзаев дисквалификация, Рўзибоев ҳамда жамоа сардори Мирқодиров жароҳат туфайли бугунги ўйинни ўтказиб юборишди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам асосий таркиб футболчилари. Улар қачон сафга қайтишади?
- Мирқодировга келадиган бўлсак, уни хавф остига қўймадик. У ҳали 100 фоизга тайёр эмас эди. Шунинг ҳисобига келишган ҳолда унга дам беришга қарорга келдик. Лазизга келадиган бўлсак, худо хоҳласа, мана тартиб-интизом қўмитаси йиғилиши бўлади. Худо хоҳласа, ўшанда нечта ўйин, қачон қўшилиши маълум бўлади. Мана Рўзибоев ҳам йўқ. Ҳимояда иккиталик шаклланиб қолган эди - Ибодуллаев билан Рўзибоев. Жароҳат бўлиши табиий ҳол. Ўшалардан кейин, Жамолиддиновга ҳам бердик имконият. Бундан олдинги ўйинда гол ҳам урди. Энди секин-секин биттаси чиқиб кетади, бошқа болалар ўша вазиятдан фойдаланиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши керак. Чунки барибир бизда рақобат бор нарса. Лекин ҳозирча, захирада қолаётганлар асосий таркибдагиларни даражасига ета олмаяпти. Машғулотлар орқали, худо хоҳласа, буларни ҳам бартараф қилиб, рақобатдош қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламиз.



